Жаҳон | 21:36 / 04.11.2020
26535
2 дақиқада ўқилади

Алиев Озарбойжон Тоғли Қорабоғдаги урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди

Илҳом Алиевнинг қайд этишича, «уруш қанча тез тугаса, шунча яхши бўлади».

Фото: president.az

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев агарда Ереван босиб олинган ҳудудлардан қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олса, Боку Тоғли Қорабоғдаги урушни тўхтатишга тайёрлигини айтди. У бу ҳақда La Repubblica нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

«Агар Арманистон бош вазири қолган ҳудудларни тарк этиш мажбуриятини олса, биз бугуноқ тўхташга тайёрмиз. У ҳозирча бундай мажбуриятни олмади», — деди Алиев.

Унинг қайд этишича, «уруш қанча тез тугаса, шунча яхши бўлади».

Алиев БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси тамойилларига кўра, аввал бешта, сўнгра яна иккита райондан чиқиб кетиш зарурлигини эслатди.

«Биз бир томонлама тартибда тўртта районни бўшатдик. Шу боис Пашинян Ағдам, Келбежар, Лочин районларининг босиб олинган ҳудудларидан қўшинлар олиб чиқиб кетилишини айтиши керак. Аммо у бундай баёнот бермаяпти. Бу унинг уруш тўхташини истамаётганини билдиради», — деди Алиев.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Арманистон эгаллаб турган еттита район Озарбойжонга берилиши мумкинлигини айтганди.

Тоғли Қорабоғ ҳудудида 27 сентябрдан буён жанглар давом этмоқда. Россия ва АҚШ воситачилигида бир неча марта гуманитар сулҳ эълон қилинишига қарамасдан, Арманистон ва Озарбойжон ўзаро ҳужумларни тўхтатмаяпти.

Мавзуга оид