12:09 / 04.11.2020
6464

Сирдарё вилоятида янги иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди

Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциясининг (ИЭС) қурилиши бошланди. 

ИЭС ишлаётганда табиий газнинг йиллик тежамкорлиги 2,0 миллиард куб метрни, электр энергияси ишлаб чиқариш эса 10,0 миллиард киловатт соатни ташкил қилади.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, айни пайтда қурилиш майдончасида объектни қуриш учун ер майдонини тайёрлаш ишлари бошланди.

Лойиҳа доирасида бош пудратчи – Хитойнинг China Gezhouba Group Corporation (CGGC), компанияси аниқланди, у объектни “тайёр ҳолда” топшириш асосида қуради. Электр станцияси Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида жойлашади.

Лойиҳа Япониянинг MHPS компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, фойдали иш коэффициенти 60 фоиздан юқори бўлган энг замонавий комбинацияланган цикллардан фойдаланишни назарда тутади.

Президентнинг 2020 йил 10 августда “Сирдарё вилоятида қуввати 1 500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4799-сонли қарори қабул қилинган.


 
Ҳужжат билан Сирдарё вилоятида янги иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисидаги инвестиция шартномаси Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “The International Company for water and power projects” (Саудия Арабистоннинг сув ва энергетика лойиҳалари бўйича компания) ва “Acwa Power Sirdarya” МЧЖ (лойиҳа компанияси) ўртасида тасдиқланган.
 
Шунингдек, қарор билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “Acwa Power Sirdarya” ўртасида электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида келишув тасдиқланди. Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини фақат “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖга сотилишини кафолатлайди.

Top