Жаҳон | 15:56 / 08.11.2020
93347
16 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп — АҚШнинг унутилмас президенти. Унинг президентлик давридан 30 сурат

АҚШда тенг кучлар остида кечган президентлик сайловида амалдаги президент Доналд Трамп ютқазди ва Оқ уйни тарк этадиган бўлди. Meduza нашри унинг президентлик йилларидан ёдда қолган суратларни тўплади.

Доналд Трамп — АҚШнинг 45-президенти. 2016 йил 9 ноябрида у  сайловлардаги ғалабадан кейин ўз тарафдорлари қуршовида. Трамп барча прогнозларни йўққа чиқарган ҳолда сайловолди кампаниясида фаворитлик қилган демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонни ортда қолдирганди.

Chip Somodevilla / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

2017 йилнинг 20 январида Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганди. Вашингтондаги инаугурация маросимида у «Америка сиёсатида янги эра бошлангани» ҳақида гапирганди. Трамп ўз нутқини шундай якунлаган: «Биз Американи яна кучли қиламиз, биз Американи яна бой қиламиз, биз Америка билан яна фахрлана бошлаймиз, биз Американи яна хавфсиз қиламиз». Кейин ўз сайловолди кампанияси шиорини такрорлаганди: «Биз Американи яна буюк қиламиз».

Scott Olson / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

Доналд Трамп 2017 йил 28 январида, АҚШ президенти сифатида иш бошлаганидан бир ҳафта ўтиб Оқ уйдаги Овал кабинетда ўтирган ҳолда Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганди. Унинг ёнида — Оқ уй аппарати раҳбари Райнс Прибус, вице-президент Майкл Пенс, президент маслаҳатчиси Стив Бэннон, Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер ва президентнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Майкл Флинн бор эди. Трамп президентлик муддатининг катта қисмини 2016 йилги сайловларда ғалаба қозониш учун Россия билан келишув тузгани ҳақидаги айбловларга қарши кураш билан ўтказди. Махсус прокурор Роберт Мюллер раҳбарлик қилган расмий текширувлар натижаларига кўра, бундай келишув учун исбот топилмаган. Шу билан бирга, Мюллернинг комиссияси Россия Америка сайловларига аралашгани ва унинг натижасига таъсир кўрсатишга урингани ҳақида хулоса берган.

Drew Angerer / Getty Images

2017 йил мартида Доналд Трамп Вашингтонда Америка юк ташувчилар ассоциацияси делегацияси билан учрашади. Бу йиллик пул айланмаси 725 миллиард долларга баҳоланадиган ва АҚШга маҳсулотларнинг 70 фоизини етказиб беришни таъминлайдиган йирик саноат ҳисобланади. Учрашувда тиббий суғурта масалалари ҳам муҳокама қилинган. Учрашув аввалида Трамп Оқ уйдаги ўтлоқзорда турган юк машина кабинасига чиқиб, бир неча марта рулни айлантирган ва сигнал берган ҳолда суратга тушганди.

Carlos Barria / Reuters / Scanpix / LETA

2017 йил 1 июнида Доналд Трамп АҚШ иқлим бўйича Париж келишувидан чиқишини эълон қилганди — бу келишув глобал исишга қарши кураш ва атроф-муҳитга чиқарилаётган ис гази миқдорини камайтиришни назарда тутади. Трамп бу келишув Америка иқтисодиётига ҳаддан ташқари кўп зарар келтиришини айтиб ўтганди. 2012 йилда, президентликка сайланишидан тўрт йил аввал Трамп глобал исиш концепциясини АҚШ саноатига зарба бериш учун хитойликлар ўйлаб топганини айтганди. Президент бўлгач Трамп иқлим ўзгаришларини тан ола бошлади, аммо бу фақат инсон фаолияти туфайли рўй бераётганига шубҳа билдирди.

Saul Loeb / AFP / Scanpix / LETA

2017 йил 7 июлида Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан Ҳамбургда G20 саммити доирасида музокара ўтказади. Бу ушбу икки президентнинг илк юзма-юз учрашуви эди. Трамп ва Путин Сурия ва Украинадаги можароларни, шунингдек, Россиянинг Америка сайловларига аралашуви бўйича масалани муҳокама қилишган. Учрашувда қандай келишувларга эришилгани ҳақида матбуотда ҳеч қандай хабар эълон қилинмаган.

Carlos Barria / Reuters / Scanpix / LETA

2017 йил июлида Доналд Трамп АҚШнинг Биринчи жаҳон урушига кирганининг 100 йиллиги нишонланган вақтга тўғри келган Франциядаги ҳарбий парадда иштирок этади. У рафиқаси Мелания билан бирга Елисей майдонида Франция президенти Эммануэль Макроннинг қўлини сиққан ҳолда суратга тушади. Трамп ўзига хос қўл бериб сўрашиш услуби билан кўплаб сиёсатчиларни қийнаган. Япония бош вазири Синдзо Абэ билан музокаралар чоғида у бир неча марта ўзига тортганди. 2017 йил майида Брюсселда Трамп Макрон билан яна учрашади ва унинг қўлини қаттиқ сиқиб, бармоқларини оғритиб қўйганди.

Christophe Archambault / AFP / Scanpix / LETA

2017 йил 21 августида Доналд Трамп Оқ уй балконида Мелания ва ўғли Бэррон билан қуёш тутилишини кузатади. Аввалига Трамп қуёшга очиқ кўзлари билан боқмоқчи бўлади, аммо кейин махсус ҳимоя кўзойнагини тақишга кўндиришади.

Kevin Lamarque / Reuters / Scanpix / LETA

2017 йил октябри бошида Доналд Трамп «Мария» тўфонидан жабрланганларни қўллаб-қувватлаш учун Пуэрто-Рикога келади. У пуэрто-риколикларга «Мария» 2005 йилдаги «Катрина» каби талафотли эмаслигини айтади. Кейин атрофидагиларга қоғоз салфеткалар тўпламларини ирғита бошлайди.

Mandel Ngan / AFP / Scanpix / LETA

2017 йил ноябрида Доналд Трамп Манилада ўтказилган Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (АСЕАН) саммитида иштирок этади. Расмий суратга тушиш маросимида иштирокчилар ўнг ва чап томонидагиларнинг қўлларидан тутишган. Ушбу суратда асосий икки қаҳрамон — Трамп ва Россиянинг ўша вақтдаги бош вазири Дмитрий Медведев.

Jim Watson / AFP / Scanpix / LETA

Доналд Трамп ва Германия канцлери Ангела Меркель 2018 йил 9 июнида Квебекдаги G7 саммитининг бошқа иштирокчилари даврасида. Бу фотосурат кенг машҳурликка эришганди ва мемларга айланганди.

Jesco Denzel / Bundesregierung / AFP / Scanpix / LETA

2018 йилнинг июлида Буюк Британияга ташрифи вақтида Доналд Трамп қиролича Елизавета II билан учрашган. Қиролича уни Виндзор қалъасида қабул қилган. Қироллик гвардиясининг фахрий қоровули иштирокидаги қабул маросимидан кейин Трамп ва Елизавета чойхўрлик учун йўл олишган. Ташриф якунлангач Трамп британ қироличасини — «фантастик инсон» деб таърифлаганди.

Matt Dunham / PA / Scanpix / LETA

2018 йил 12 июлида Доналд Трамп Буюк Британияга тўрт кунлик ташрифини бошлаганди. Биринчи кунда у Британиянинг ўша вақтдаги бош вазири Тереза Мэй ва қатор тадбиркорлар билан бирга Оксфорд яқинидаги Бленҳейм саройида тушлик қилганди. Ташрифдан олдин Трамп The Sun таблоиди учун интервью берган (интервью 13 июль куни эълон қилинган), унда Тереза Мэйнинг Буюк Британияни Евроиттифоқдан олиб чиқиш режасини танқид қилиб, мамлакатга Борис Жонсон «аъло даражада бош вазир бўлиши мумкинлиги» ҳақида гапирганди. Бир йил ўтиб Жонсон чиндан ҳам ҳукуматни бошқара бошлайди — Brexit бўйича муваффақиятсизлик туфайли Тереза Мэй истеъфога чиққанди.

Will Oliver / AFP / Scanpix / LETA

2018 йил октябрида Доналд Трамп Оқ уйда Канье Уэстни қабул қилган, репер президентнинг олдига умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган гангстер Ларри Гуверни афв этишни сўраб келганди.

Ron Sachs / CNP / AdMedia / Sipa / Scanpix / LETA

2018 йил 7 ноябридаги матбуот анжумани вақтида Доналд Трамп CNN журналисти Жим Акоста билан тортишиб қолади. Журналист унга муҳожирлар ҳақида савол берган, президент нега Марказий Америкадан келувчилардан келадиган хавфни бўрттириб кўрсатишини сўраган, бу эса президентга ёқмаган, жараён ўзаро айтишувга айланиб кетганди. Шундан сўнг Акоста аккредитациядан маҳрум этилади, бунга у Оқ уй матбуот котиби Сара Хакаби ундан микрофонни олиб қўймоқчи бўлганида унга қўполлик қилгани сабаб сифатида келтирилади.

Jonathan Ernst / Reuters / Scanpix / LETA

2019 йил 5 февралида АҚШ президенти Доналд Трамп «Мамлакатдаги вазият ҳақида» мурожаат қилади. Бу фотографияда у билан бирга — вице-президент Майкл Пенс ва Вакиллар Палатаси спикери, демократ Нэнси Пелоси.

Doug Mills / Reuters / Scanpix / LETA

2019 йил мартида Доналд Трамп Оқ уйда Шимолий Дакотадан бўлган, чемпионликка эришган талабалар футбол жамоасини қабул қилади. Уларни меҳмон қилиш учун «Макдоналдс» ва бошқалардан фастфуд сотиб олинади. Бундан бир ярим ой олдин ҳам Трамп бошқа талабалар жамоасини қабул қилганди.

Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

2019 йил мартида Доналд Трамп Исроилнинг Жўлан тепаликлари — Исроил 1967 йилдаги олти кунлик уруш чоғида эгаллаб олган Сурия билан чегарадаги ҳудуд устидан суверенитетини тан олгани тўғрисидаги ҳужжатни имзолади. У бу ҳақдаги декларацияни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан учрашуви чоғида имзолаганди. Ундан аввалроқ Трамп Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олган ва Америка элчихонасини Тел-Авивдан шу шаҳарга кўчирганди.

RS / MPI / Capital Pictures / Scanpix / LETA

2019 йил 30 июнда Доналд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан учрашди. Учрашув КХДР ва Жанубий Корея чегарасидаги ҳарбийлардан холи ҳудудда ўтказилди. Учрашув томонлари демаркация чизиғининг икки тарафида туриб, бир-бирининг қўлини сиққан, кейин Трамп Ким Чен Ин таклифига кўра чизиқдан ўтганди. Шу вақтгача америкалик президентларнинг ҳеч бири Шимолий Корея ҳудудига кирмаганди.

Kevin Lamarque / Reuters / Scanpix / LETA

2019 йил 25 сентябрида Доналд Трамп илк марта Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди — бу учрашув БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош ассамблеясида рўй берди. Учрашувдан аввалроқ, 2019 йил июлида Трамп телефон орқали мулоқот чоғида Зеленскийдан 2020 йилги сайловдаги бўлажак рақиби Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байденга нисбатан коррупцион можаро бўйича ишни қайтадан бошлашни сўрагани маълум бўлган. Ҳантер Байден муқаддам Украинадаги газ қазиб чиқарувчи Burisma компаниясида ишлаган. Трампнинг бу илтимоси Зеленскийга босим ўтказиш ва сиёсий рақибини обрўсизлантириш учун ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилиш сифатида баҳоланган.

Saul Loeb / AFP / Scanpix / LETA

2019 йил ноябридаги журналистлар билан учрашув вақтида Доналд Трамп эҳтиётсизлик қилиши оқибатида унинг қўлидаги қоғоз суратга тушиб қолганди. Блокнотда шундай ёзилганди: «Мен ҳеч нарса истамайман. Мен ҳеч нарса истамайман. Ҳеч қанақа quid pro quo керак эмас. Зеленскийга тўғри иш тутиш кераклигини айтинглар. Бу АҚШ президентининг сўнгги сўзи». «Quid pro quo» — бу «сиздан угина, биздан бугина» демакдир. Икки йил аввалроқ Америка медиасида Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийдан Жо Байденнинг ўғли, Украинада газ қазиб чиқарувчи Burisma компанияси директорлари кенгашига кирган Ҳантерга қарши ишни қайтадан очишни талаб қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Хабарларда Трамп Американинг Украинага ёрдам кўрсатиши ушбу текширувга боғлиқлигини айтгани айтилганди.

RS / MPI / Capital Pictures / Scanpix / LETA

Доналд Трампнинг соч турмаги — унинг образининг ажралмас қисмидир. 2019 йил декабрида олинган бу сурат у «Эндрюс» ҳарбий-ҳаво базасига ташриф буюрганида олинган, баъзида президентга шамол халал беради. Ўз чиқишларидан бирида Трамп ҳазиломуз тарзда бор кучи билан бошининг кал қисмини яширишга уриниши ҳақида гапирганди. У парик тақиб юриши ҳақидаги гапларни инкор этган.

Kevin Wolf / AP / Scanpix / LETA

Доналд Трамп кўриниши яхши бўлиши учун соч турмаги ҳақида кўп қайғуради. Кўплаб фотосуратларда — масалан, 2020 йил 7 февралида Оқ уй ўтлоқзорида олинган бунисида — АҚШ президенти махсус воситалардан фойдаланганини кўриш мумкин.

Al Drago / Bloomberg / Getty Images

2020 йил февралида Доналд Трамп Оқ уйда ўз тарафдорларидан бири гуруҳи, жумладан, афроамерикаликлар билан кўришган ва улар билан бирга ибодат қилганди. Тез-тез ирқчиликда айбланадиган Трамп учрашувда афроамерикаликлар унинг маъмурияти туфайли эга бўлиши мумкин бўлган иқтисодий имкониятлар ҳақида гапирганди. Ундан бироз олдинроқ Трамп твиттердаги саҳифасида афроамерикаликлар учун АҚШнинг исталган президентидан кўпроқ иш қилганини айтиб ўтганди.

Chip Somodevilla / Getty Images

2020 йил 28 майида Доналд Трамп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш тўғрисидаги фармонини имзолади, ҳужжат коммуникация соҳасидаги хулқ-атвор қоидалари ҳақидаги моддалардан бирига қарши қаратилган. Бу модда интернет-компанияларни ижтимоий фойдаланувчилар контентини назорат қилиш масъулиятидан озод этади. Трампнинг бу фармони Twitter билан зиддият ортидан қабул қилинган, ўшанда Twitter президентнинг бир неча постларида ёзилган маълумот ишончли эмаслиги ва уни текшириб кўриш лозимлигини билдирувчи махсус белги қўйганди. Трамп Twitter раҳбариятини сиёсий тарафкашликда ва сўз эркинлигини бузишда айблаганди.

Doug Mills-Pool/Getty Images

2020 йил 1 июнида туширилган бу суратда Доналд Трамп қўлида Инжил тутган ҳолда Оқ уйга туташиб кетган Лафайет майдонида жойлашган авлиё Иоанн черковида олинган. Май ойида афроамерикалик Жорж Флойд полициячилар томонидан ўлдирилгач Лафайет майдонида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Трамп бу намойишчиларни тарқатиш учун куч қўллашга рухсат берган.

Brendan Smialowski / AFP / Scanpix / LETA

2020 йил июнида Доналд Трамп Мексика билан деворни кўздан кечирди, у сайловолди кампанияси даврида ноқонуний иммиграцияга қарши кураш учун шундай девор қуришни ваъда қилганди. Ўтган йиллар давомида Трамп бу ваъдасини қисман бажара олди, холос. Қурилиш ишлари катта харажат талаб қилар, бундай харажат эса Конгресс томонидан тасдиқланиши талаб этиларди. 2018 йилда бу масаладаги зиддият туфайли Трамп АҚШ бюджетини тасдиқлашдан бош тортди, натижада бу ҳукумат кўп вақт мобайнида ишламай, рекорд даражадаги шатдаун кузатилишига олиб келди.

Saul Loeb / AFP / Scanpix / LETA

2020 йил июлида Доналд Трамп Жанубий Дакотадаги Рашмор тоғига келди, бу ерда АҚШнинг турли даврлардаги президентлари Жорж Вашингтон, Томас Жефферсон, Теодор Рузвельт ва Авраам Линкольннинг ҳайкалларидан барельеф қилинган. The New York Times газетаси ва CNN телеканали Трамп 2019 йилда ўз ёрдамчилари орқали барельефга ўзининг ҳам портретини қўшишга ҳаракат қилгани ҳақида хабарлар тарқатди. Президентнинг ўзи бу маълумотни фейк деб атаган.

Alex Brandon / AP / Scanpix / LETA

2020 йил октябрида, президентлик сайлови кунига бир ой вақт қолганида Доналд Трамп ковидга чалинди. У бир неча кунни госпиталда ўтказди, кейин Оқ уйга қайтди. Америкаликлар Трампни коронавирус эпидемияси Қўшма Штатлар учун бу қадар катта зарар етказишида асосий айбдор сифатида кўришмоқда, мамлакат баҳордан буён коронавирусдан зарарланиш ва ўлим даражаси бўйича дунё рейтингида биринчи ўринда. Эпидемия бошланган вақтда президент касаллик хавфини бўрттириб кўрсатишаётганини айтиб, уни жиддий қабул қилмаганди.

Nicholas Kamm / AFP / Scanpix / LETA

2020 йил 18 октябрида сайловолди кампанияси вақтида Доналд Трамп Невада штатининг Карсон-Сити шаҳрида тарафдорлари билан учрашиб, улар билан бирга рақс тушди. Невада бюллетенлар саналиши кўп вақт олиб, натижалар кечиккан штатлардан бири бўлди — Трамп ва Байден бу ерда деярли тенг овоз олди.

Mandel Ngan / AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид