18:32 / 09.11.2020
6828

Миллионлаб Android-смартфонларда кўплаб сайтлар очилмай қолиши мумкин

Журналистларнинг қайд этишича, Android 7.0 ва ундан аввалги операцион версиялар миллионлаб сайтларга кириш имкониятидан маҳрум бўлади.

Фото: Getty Images

2021 йилда аксарият Android-смартфонларда кўплаб сайтлар очилмай қолиши мумкин. Бу ҳақда Android Police нашри ёзмоқда.

Нашрнинг ёзишича, гап дастурий таъминоти 2016 йилдан буён янгиланмаётган смартфонлар ҳақида бормоқда. Муаммо шундаки, 2021 йил кузидан Let’s Encrypt хавфсизлик сертификати ва IdenTrust компанияси ўртасидаги шартнома муддати якунига етади. Ушбу стандарт Windows, macOS, Android ва бошқа платформаларда жорий этилган.

Let’s Encrypt сайтида маълум қилинишича, IdenTrust билан шартнома 2021 йил 1 сентябрда тугайди ва шартнома узайтирилмайди. Шу сабабли хавфсизлик сертификатига эга бўлмаган браузер ва операцион тизимлар Let’s Encrypt қўллаб-қувватлайдиган сайтларни очмайди.

Журналистларнинг қайд этишича, Android 7.0 ва ундан аввалги операцион версиялар миллионлаб сайтларга кириш имкониятидан маҳрум бўлади.

Маълумот берилишича, эскирган Android тизимида ишлайдиган смартфонлар бозорнинг 30 фоиздан ортиқ улушини ташкил этади. Let’s Encrypt сертификатига эга сайтлар эса бутун интернет тармоғида 30 фоизга яқин.

Top