18:56 / 11.11.2020
8273

«Мактаблар хусусийлаштирилмайди» – Вазир ўринбосари қандай мактаблар ишончли бошқарувга берилиши ҳақида гапирди

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев умумтаълим муассасалари хусусий секторга топширилса, қанча мактаб хусусийлаштирилиши кутилаётгани ва бунда тадбиркорларга қандайдир имтиёзлар яратилиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

«Хусусийлаштириш деган сўзнинг ўзи хато. Мактаблар хусусийлаштирилмайди. Мактаблар тадбиркор шу ҳудудда давлатга ўз ёрдамини бермоқчи бўлса таклиф қилинади ва унга давлат томонидан бир қатор имкониятлар берилади.

Тадбиркор мактабга келиб, уни мавжуд жамоа билан бошқаришга жалб қилинади. Ҳозир ҳам хусусий мактаб очган жуда кўп тадбиркорлар бор. Уни ривожлантириш ёки филиалини ташкил қилиш учун имконият қидирмоқда, лекин ер тополмаслиги мумкин ёки унга таклиф этилган жойлар тўғри келмаслиги мумкин.

Тадбиркорлар томонидан «Мана шу мактабни мен олиб, юргизай» деган таклифлар бор. Лекин бу ҳар қандай мактабни исталган одам олиши мумкин дегани эмас. Қарорда 0,7 коэффициентдан паст дея назарда тутилмоқда.

Коэффициент нималигини тушунтириб бермоқчиман. Мактабда мингта ўқувчи ва мингта ўрин бўлиши мумкин. Агар шу мактабда мингта ўринда мингта бола ўқиса, бу 1 коэффициент дегани. Агар икки сменали бўлса, 2 коэффициент бўлиши мумкин. Айрим ҳудудларда 2,5 коэффициент ҳам бор. Бу жуда оғир вазият. Бундай мактабларда албатта қўшимча таълим, тўгаракларни, болалар билан дарсдан ташқари ишлашга имконият чекланган.

Лекин бор қувватидан паст даражада ишлайдиган мактаблар ҳам бор. Улар тобора камайиб бормоқда. Яъни мингта ўринда 700, 600, 500 бола ўқийди. Мана шундай мактабларга тадбиркорлар таклиф этилади. Уларга шарт қўйилади: ўқиётган болалар, микроҳудудга кирган болаларни текин ўқитиш, ўқитувчиларга шароит яратиш, мактаб моддий базасини ривожлантиришда ёрдам бериш. Шу шартларга кўнса, бу жараёнга киради.

Ўз навбатида, унга мактабни бўш ҳудуди, биноси, ерида таълимга алоқаси бор бўлган объектни барпо этиб, юргизиш имконияти берилади. Бу беш йил давомида, кейинчалик қўшимча муддат берилиши билан ривожлантиришга имконият берилади.

Давлат раҳбарининг 30 октябрда ўтказилган селекторида Молия вазирлиги ва Марказий банкка шу масала қўйилди: шу соҳада, йўналишда ишлайдиган тадбиркорларга Халқ таълими, мактабларни ривожлантиришда харажатларни қоплаш, кредитлар бериш тартибини ишлаб чиқиш. Бу масалага мазкур идоралардан аниқ жавобни оламиз», деди Усмон Шарифхўжаев президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан ўтказиладиган матбуот анжуманида.

У беш йил ичида бу тажриба ўзини оқлайдиган бўлса ҳам, мактаб хусусийлаштириб берилмаслиги, фақат муддат узайтириб берилиши мумкинлигини айтиб ўтди.

«Беш йилдан кейин муддати яна узайтириб берилади. Бу ерда хусусийлаштириш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Ишончли бошқарув. Давлат ўз вакили сифатида тадбиркорга беради, у тадбиркор сифатида ўз фаолиятини олиб боради», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиш ва таълим сифатини оширишга бағишланган видеоселекторда мамлакатда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилганди. Йиғилишда, хусусан, Тошкент шаҳридаги 32 та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси пастлиги қайд этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Унга мувофиқ, тажриба сифатида умумий таълим муассасаларини кейинчалик кенгайтириш ҳуқуқи билан 5 йилга хусусий секторнинг ишончли бошқарувига ўтказилади. Гап Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларидаги навбатлилик коэффициенти 0,7 дан паст бўлган мактаблар ҳақида кетмоқда. Бунда давлат бюджетидан таълим муассасаларини таъминлаш учун ажратиладиган маблағлар камайтирилмайди.

Хусусий мулкдор қуйидаги мажбуриятларни бўйнига олади:

  • болалар учун бепул таълим бериш;
  • биноларни таъмирлаш;
  • моддий-техник базани мустаҳкамлаш.

Бундан ташқари, бўш бинолар ва ерлар бошқарувчига спорт ёки маданият муассасаларини ташкил этиш учун ажратилади.

Top