Мактабларнинг бошланғич синфлари янги авлод дарсликлари асосида дастлабки чоракни якунлади. Kun.uz дарсликларнинг "мураккаб мавзулари", хатолари ва жамоатчиликда туғилган баъзи саволлар юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан суҳбатлашди.

Ҳар давр учун инсонларнинг илм олиши ўта муҳим масала бўлиб келган. Айниқса, боланинг жамиятда ўз ўрнини топиши, келгусида ўзининг ижтимоий, иқтисодий ҳамда фуқаролик ҳаётида фаол иштирок этишида боғча ва мактаб таълимининг аҳамияти беқиёс. Чунки айнан шу ёшлар оралиғида бола ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилади.

Хўш, бугунги ўзбек мактабгача ва мактаб таълими қай ҳолатда? Нималар қилиняпти-ю, яна нималарни эътибордан қочиряпмиз? Бугун айни мавзу атрофида кўпчиликни қийнаб келаётган саволларга жавоб олиш учун Kun.uz Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев билан суҳбатлашди.

– Суҳбатни мактаб таълимидаги энг кўп муҳокама қилинган мавзудан бошламоқчиман, яъни дарсликлардан. Президентнинг 134-сонли фармони асосида хорижий донорлар кўмаги билан яратилган, 2024 йилгача тўлиқ жорий қилиш топширилган Миллий ўқув дастурининг ва у асосида яратилган дарсликларнинг тақдири нима бўлади? Улардан нима асосида воз кечилмоқда?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев

– Авваламбор, 134-сонли фармоннинг ўзига тўхталадиган бўлсак, бу миллий ўқув дастурини айнан ҳозирги сиз бераётган нарсанинг мазмуни жиҳатидан тасдиқлаш дастури бўлмаган. Бу ўша вақтдаги халқ таълимини кейинги 5 йилда ривожлантириш дастури деб номлаган эди. Унинг ичида таълим дастури, яъни миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва уни босқичма-босқич жорий этиш ҳақидаги банди бор эди. Яъни миллий ўқув дастури ва унинг асосида болага бериладиган билим-кўникма, ишлаб чиқиладиган дарслик, методика ва бошқа нарсалар... Бу 134-сонли фармон кейинги 5 йилга тизимни ривожлантириш миллий дастури ҳисобланади.

Мана шу ҳужжатнинг бандида хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Ўзи миллий ўқув дастури нима деган саволга аниқлик киритиб олайлик. Бу бир нечта ҳужжатдан иборат бўлган, яъни ўқув дастурлари, ўқув режа, баҳолаш мезонларидан иборат бўлган дастур ҳисобланади. Уни ишлаб чиқиш босқичма-босқич синфлар, фанлар кесимида бўлиши белгиланган. Ҳужжат иловасида вазирликка режасини тасдиқлаш вазифаси ҳам қўйилган. Яъни йиллар кесимида қайси синфда нима ишлаб чиқилади, шунга мос равишда дарслик, методикани ишлаб чиқишни белгилаш вазирликка ваколат сифатида қўйиб кетилганди. Унда бола қайси синфда қайси кўникмани ўрганиши, унга қайси мавзуларни ўргатиш белгилаб берилади. Мана шу ҳужжатни ишлаб чиқишда бир қатор экспертлар иштирок этган. Бу ҳужжат бирданига ҳамма синф учун ишлаб чиқилмаган ва у ҳалиям ишлаб чиқиш жараёнида. Сабаби шунга мос равишда босқичма-босқич дарсликларни ишлаб чиқиш вазифаси 2021 йилда ҳам, 2022 йилда ва бугун ҳам ўзгаргани йўқ.