Жаҳон | 02:00 / 12.11.2020
8573
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар: Жоржияда овозлар қайта ҳисоблаб чиқилади

Фото: Reuters

АҚШ президенти сайловларида муҳим штатлардан бири ҳисобланган Жоржияда 3 ноябрда ўтган сайловларда берилган 5 млн овоз тўлиқ қайта ҳисоблаб чиқиладиган бўлди. Бу ҳақда CNBC телеканали штат давлат котиби Брэд Раффенспергерга таяниб хабар берди.        

Раффенспергернинг таъкидлашича, ушбу қарор номзодлар Жо Байден ва Доналд Трамп учун берилган овозлар ўртасидаги фарқ кичиклиги сабабли қабул қилинди.

“Фарқ кичик бўлгани сабабли, ҳар бир округда бюллетенлар бошқатдан қўлда ҳисоблаб чиқилади ва охир-оқибат биз якуний фарқ қанча бўлгани ҳақидаги саволга аниқ жавоб берамиз”, деб айтган Раффенспергер.

Таъкидланишича, сайловларда ғалаба қозонгани эълон қилинган Байден ва амалдаги президент Трамп ўртасидаги фарқ Жоржияда Байден фойдасига 15 мингдан камроқ овозни ташкил қилмоқда. Ушбу штатдаги ғалаба номзодга 16та овоз беради. Бироқ Жоржиядаги ғалаба Трампга президент бўлиши учун барибир камлик қилади.    

Раффенспергернинг қўшимча қилишича, овозлар қайта ҳисобланиши 20 ноябргача давом этади. 

Fox News телеканали маълумотларига кўра, Жоржияда 99 фоиз бюллетенлар қайта ишлангандан кейин Байден Трампдан кичик фарқ билан олдинда бормоқда: Байденда 49,5 фоиз (2,471 млн), Трампда эса 49,2 фоиз (2,457 млн) овоз бор.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид