Жамият | 17:15 / 12.11.2020
41098
10 дақиқада ўқилади

«Article»: Турк сериаллари ҳақида сиз билмаган фактлар

Истанбул университети докторанти, киношунос Отабек Тиллаев «ARTICLE» номи остидаги туркум мақолаларида кино соҳасига оид фикр-мулоҳазаларини билдириб боради. Рукннинг дастлабки сонлари ўзбек телеэкранларида тобора оммалашиб бораётган турк сериаллари мавзусига бағишланди.

«Филм суратга олиш тик жарликдан пастга тушиш дегани эмас, балки тоғ ёнбағирларидан юксакликка кўтарилишдир», деган эди буюк режиссёрлардан бири Алфред Хичкок. Аммо бугунги кунда суратга олинаётган аксарият «киноасар»лар жарликдан пастга қулаётганини ва йўқлик қаърида изсиз ғойиб бўлаётганини кўриш мумкин.

Қолаверса, бугун кино санъатидан мафкуравий-психологик қурол сифатида фойдаланилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ўтган ҳафта Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов аксарият телеканалларимизда асосан хориж сериаллари намойиш этилаётгани, миллий сериаллар эса деярли йўқ экани ҳақида фикр билдирди ва бу – бугун эътибор қаратилиши, ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масала эканини таъкидлади.

«…Сериаллар томошабин онгига тўғридан тўғри таъсир кўрсатувчи кучли восита ҳисобланади. Агар унинг меъёри бўлмаса, бу кетишда идеологик суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас», – дея ўз хавотирини билдирди фонд раиси.

Хўш, бу хавотир қанчалик ўринли? Хорижий сериаллар ўзбек аудиториясига қай даражада хавф солмоқда? Бу хавфнинг олдини олиш учун нима қилишимиз керак? Хорижий сериалларни кўриб «дийдаси қотган» авлод эртага ким бўлади?

Бошқа тарафдан, тақиқлар иш берадими? Ҳар томонлама сифатли миллий сериалларни яратиш учун олдимизда қандай тўсиқлар турибди? Жаҳон экранларига чиқа оладиган миллий сериалларни яратиш бизга нима беради? Бу вазифанинг уддаланиши давлатимиз иқтисодиёти ва имижига қандай ижобий таъсир ўтказиши мумкин?

Албатта, ушбу саволларнинг ҳар бири алоҳида мавзу. Уларнинг барчаси илмий ва амалий жиҳатдан асосланган тадқиқотларни, фикр-мулоҳазаларни талаб қилади. Бугунги мақоламизда эса кириш қисми сифатида турк сериалчилигига оид қатор муҳим маълумотларга эътибор қаратамиз.

Турк сериалларини «ётволиб» томоша қиладиган фақат бизми?

Отабек Тиллаев

Туркия ҳозирга келиб АҚШдан кейинги энг кўп сериал сотувчи иккинчи мамлакатга айланган.

Бугунги кунда турк сериаллари нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Шарқдан Болқонгача, Африкадан Марказий Осиёгача, Узоқ Шарқ ва Жанубий Америкагача бўлган жуда катта жуғрофий миқёсда намойиш этилади.

Аниқроғи, турк сериалларини 146 мамлакатда 700 миллиондан зиёд инсонлар томоша қилади. Турк сериаллари энг кўп сотилган ва томоша қилинган мамлакатлар орасида эса Чили, Мексика ва Аргентина давлатлари етакчилик қилади.

Туркия бу соҳадан қанча даромад кўради?

Биргина 2018 йилнинг ўзида Туркия сериаллар сотувидан 500 миллион доллар миқдорида даромад қилган. 2023 йилга қадар бу кўрсаткични 1 млрд долларга етказиш кўзда тутилган.

Рақамлар гапирганда...

Халқаро миқёсда экспорт қилинган биринчи турк сериали 1975 йилда яратилган «Тақиқланган севги» (Aşk-ı Memnu) сериали бўлиб, у 1981 йил Францияга сотилган. Эътибор қилинг, Туркия ўзининг илк сериалини сотганига ҳали 40 йил ҳам бўлгани йўқ.

Илк қисми 1999 йилда чиққан «Телба юрак» сериали Қозоғистонга сотилган.

2008 йилдан эътиборан турк сериалларининг араб дунёсидаги машҳурлик даражаси сезиларли тарзда оша бошлаган. Масалан, 2008 йил «Кумуш» сериалининг арабча дубляждаги сўнгги қисми 85 миллион томошабинни қамраб олган.

«Минг бир кеча» номли сериал эса намойиш этилган 80га яқин мамлакатда мавжуд рейтингларни янгилаган ҳолда дунё эътиборини жалб қилган илк турк сериалига айланган.

Энг кўп хорижий мамлакатга сотилган сериал эса «Муҳташам юз йил»дир. Ушбу сериал Яқин Шарқ мамлакатлари, Япония, шу жумладан, юртимизда ҳам шуҳрат қозонган. Шу тариқа, ушбу киноасар 70 мамлакатда 500 миллиондан ортиқ томошабинни қамраб олишга эришган.

Турк сериалларининг кенг «қулоч очаётгани»га сабаб нима?

Турк сериалларини ўзбеклар севиб томоша қилишининг турли объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Турклар эса бунинг сабабини икки омил – воқеаларнинг реал ҳаётдан олингани ва картиналарнинг ўзбеклар маданияти ҳамда тушунча тарзига мос экани билан изоҳлашмоқда.

«Севги изтироби», «Муҳташам юз йил», «Кўсем», «Чуқур», «Ичкарида», «Истанбуллик келин», «Гуллар изтироби», «Маликам, энди қара», «Абдулҳамид», «Ҳовли» каби сериаллар ўзбек томошабинлар томонидан севиб томоша қилингани бор гап. Зотан, Ўзбекистондаги давлат ва хусусий телеканаллар томонидан намойиш этилган турк сериаллари фақат мана шулар билангина чекланиб қолмаган. Айни пайтга қадар «Осиё», «Арғувонлар остида», «Аччиқ ёлғон», «Зерда», «Ишкомли уй», «Кумуш», «Қашқирлар макони», «Хинали қор» сингари кўплаб турк сериаллари эфирларимиз юзини кўриб улгурган.

Турк сериалларининг дунё бўйлаб экспорт қилинишини енгиллаштирган ва айниқса, ёшлар эътиборини тортаётган асосий сабабларидан бири шуки, ушбу сериалларнинг аксарияти нафақат телеканалларда, балки YouTube, Netflix ва Puhu каби муқобил томоша каналларида ҳам намойиш этилмоқда.

Яъни интернетдаги филм ва сериаллар томошасига ихтисослашган платформалар, 190дан ортиқ мамлакатда 150 миллиондан зиёд обуначига эга Netflix ҳам турк сериалларининг янада кенг «қулоч очиш»ида муҳим рол ўйнамоқда.

Турк сериаллари қайси мамлакатларда тақиқланган?

Турк сериаллари бугун ҳатто дунё сиёсатчиларини ҳам бефарқ қолдирмаётганини кўриш мумкин. Масалан, Венесуэла президенти Николас Мадуро «Эртуғрул» сериалини томоша қилганини ижтимоий тармоқдаги шахсий аккаунтида ёзиб қолдирган; Туркияга келганида эса сериал суратга олинган павильонга бориб, у ерни кўздан кечирган.

Машҳур футболчи Лионель Месси эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида фарзандларининг «Қора пул севгиси» телесериалини томоша қилганини айтган.

Иордания, Ироқ, Қатар, Марокаш, Тунис ва Жазоир каби араб мамлакатларида энг кўп томоша қилинган киноасарлар қаторига кирувчи турк сериаллари Саудия Арабистони ва Мисрда тақиқланган. Аммо шунга қарамай, сериалларни ушбу давлатларда ҳам интернет орқали томоша қилишда давом этишмоқда.

Ўзбекистон учун ҳам бу мавзу янги эмас. 2012 йил турк сериаллари «миллий қадриятларга зид деб топилгани учун» бутунлай тўхтатиб қўйилганди. Тақиқ беш йил давом этди ва яна турк сериаллари намойишига рухсат берилди. Бироқ Zo‘r TV хусусий каналида намойиш этилаётган «Севги изтироби» («Kara Sevda») сериали атрофидаги кўплаб муҳокамалар ортидан сериал намойиши тўхтатиб қўйилди.

Айни пайтда Туркияда қайси сериалларга нисбатан эътироз билдирилмоқда?

Таъкидлаш жоизки, айрим сериаллар ҳатто Туркиянинг ўзида ҳам кескин эътирозларга сабаб бўлмоқда. Шу боис кейинги пайтларда Туркиянинг асосий давлат цензураси турк сериалларини фаол равишда кузатишни бошлади. Кузатувлар натижасида эса бир нечта сериал ахлоқ-одоб қоидалари, диний қадриятларга зид деб топилгани учун жаримага тортилган, лойиҳа ижодкорлари эса огоҳлантирилган.

Хусусан, «Тақиқланган олма», «Мўъжиза доктори», «Жаноб Хато» каби сериаллар турк жамияти оилавий тузилмаси пойдевори остига «динамит» қўйишда айбланмоқда.

Шунингдек, турк аудиторияси шафқатсизлик акс этган саҳналар олдинги планга чиқарилган сериалларга қарши муносабат билдириш баробарида RТÜК (радио ва телевидение маҳсулотларини назорат қилувчи ташкилот)га мурожаат билан ҳам чиқишмоқда. Масалан, «Тақиқланган олма» (сериалда болалар ва ёшлар учун салбий рол моделлари яратилган, муқаддас қадриятларга ҳурматсизлик қилинган ва инсоний муносабатларнинг бузилиши одатий ҳол сифатида кўрсатилган) ва «Янги ҳаёт» сериали (унда оилавий қадриятлар яққол камситилади, турмуш қурган эркак оилали аёлни севиб қолади) жаримага тортилди. Узоқ давом этиши кутилаётган ушбу сериалнинг сўнгги қисми эса ўтган ҳафта намойиш этилди. Яъни лойиҳа муддатидан олдин якунланди.

«Садоқатсиз» сериали бўйича ҳам шундай фикр билдириш мумкин. Сериал бош қаҳрамонлари устидан жуда кўплаб шикоятлар келиб тушган. Назорат қилувчи ташкилот сериалнинг биринчи қисмини намойиш этмаслик шарти билан продюсерлик компаниясига мурожаат қилган. Шунга қарамай, 2020 йил 7 октябрь куни картинанинг премьераси ўтказилди. Намойиши ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу сериал турк ахлоқий қадриятларига путур етказаётганини айтишмоқда. Уларнинг эътирозлари RТÜК ва Şikayetvar («Шикоят бор») каби платформаларда ҳам акс-садо бермоқда. Минглаб одамлар эса сериалнинг эфирдан олиб ташланишини талаб қилмоқда.

Жиддий ва оғриқли масала – олдинда...

Айрим турк сериалларига нисбатан ҳатто Туркиянинг ўзида ҳам эътироз ва танқидлар кучайиб бораётган бир пайтда телеканалларимизда уларнинг сони ва эфир ҳажмининг тобора ортиб бораётгани, албатта, кишини ўйга толдиради. Ушбу нуқтада эса янада жиддий ва оғриқли масала – сериалларнинг мафкуравий таъсири ўртага чиқади.

Айтиш жоизки, «парда орти»даги жараёнларни яқиндан кузатиб бориш, улардан ўз вақтида воқиф бўлиш кейинчалик саҳналаштириладиган трагик вазиятлардан бизни огоҳ этиши мумкин. Шу боис лойиҳамизнинг кейинги сонида айни мана шу мавзу – яъни сериалларнинг мафкуравий ва ахлоқий-психологик таъсирлари хусусида фикр юритамиз.

Отабек Тиллаев

Мавзуга оид