Жаҳон | 21:29 / 13.11.2020
23322
7 дақиқада ўқилади

Пекин ниҳоят Байденни табриклади. Москва ҳозирча кутади

Беш кунга чўзилган танаффусдан кейин Хитой Жо Байденни президентлик сайловларида ғалаба қозонгани муносабати билан расман табриклади.

REUTERS/EPA

«Биз АҚШдаги президентлик сайловларини Қўшма Штатларнинг ичидан туриб ҳам, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кузатиб бормоқдамиз. Америка халқининг танловини ҳурмат қиламиз ва Байден ҳамда Ҳаррисни табриклаймиз», деди жума куни Хитой ТИВнинг расмий вакили Ван Венбин.

Одатда президентликка сайланганларга табрикда келгуси ишларда муваффақиятлар тиланиб, ўзаро самарали ҳамкорлик давом этишига умид билдирилади. Хитойнинг табриги эса шунчаки мамлакат раҳбари Си Цзинпин сайлов натижаларини тан олганини ифодалашга хизмат қилади.

Бир кун олдин Ван Вэнбин Хитой АҚШдаги президентлик сайловлари натижаси Америка қонунлари ва процедуралари орқали аниқланишини тушунишини айтиш билан чекланганди.

Кўриниб турибдики, Пекинда айнан Жо Байден январда президент лавозимига киришиши ва келгусида бирга ишлаш кераклигига шубҳа қилмаяпти.

Дунёнинг икки йирик иқтисодиётига эга бўлган бу давлатлар муносабати уларнинг ўзи учун ҳам, дунёнинг бошқа давлатлари учун ҳам муҳимдир.

Сўнгги йилларда бу муносабатлар сезиларли даражада ёмонлашган. Доналд Трамп хитойлик экспортёрларга қарши савдо уруши очган ва доимий равишда Covid-19 айнан шу давлатдан тарқалганини эслатади ва бу вирусни «Хитой вируси» деб атайди.

Кескинлик кучайишининг бошқа сабаблари ҳам бор – ХХР Жанубий Хитой денгизи ҳудудида ҳарбий таъсирини кенгайтириши ва мамлакат шимоли-ғарбида яшовчи уйғурларга зулм ўтказилиши.

Ҳозирча Байден даврида Вашингтоннинг Хитойга муносабати қанчалик ўзгариши ёки умуман ўзгариш-ўзгармаслиги номаълум.

Унинг ўзи бу тўғрисида гапирмади. Конгрессда республикачилар ҳам, демократлар ҳам Пекинга нисбатан қатъий сиёсат юритиш тарафдори ҳисобланади.

Экспертларнинг фикрича, тактика ўзгариши ҳам мумкин: Байден Хитойни тийишда бир томонлама ҳаракатланишни камайтиради ва бу борада иттифоқчилар билан ҳамкорлик қилади. Алоҳида масалаларда, масалан, иқлим масаласида Пекин билан ҳам ҳамкорлик қилиниши истисно этилмайди.

Москванинг сўнгги баёноти
Ўтган ҳафтанинг шанба кунидаёқ дунё давлатлари раҳбарлари Жо Байденни табриклашни бошлаб юборишганди. Аммо айрим давлатларнинг пойтахтларида бунга шошилишмаяпти. Шу жумладан, Москвада ҳам.

«Путин АҚШнинг сайланган президентини ғалаба билан табриклаши ҳақидаги саволингизни олдиндан билган ҳолда, мен қуйидагиларни айтмоқчиман: биз сайлов натижаларининг расмий эълон қилинишини кутиш тўғри деб биламиз», – деганди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга берган интервюсида.

Жума кунги брифингда ҳам ундан шу ҳақда сўрашди.

«Шак-шубҳасиз, албатта, ким сайланган президент деб эълон қилинса, президент [Россия] табрик телеграммасини йўллайди. Бу борада бошқача ҳолат бўлмайди», деган Песков.

Ундан Москвадагилар эҳтимолий суд жараёнлари туфайли расмий натижалар чўзилиши мумкинлигига қандай қараши сўралган. «Якуний расмий натижалар қачон берилиши бизнинг иш эмас. Қачонки расмий натижалар эълон қилинса, ўшанда Путин табрик телеграммасини юборади», деган у.

Ғарбдагиларнинг кўпчилиги Кремл сайлов натижасидан хурсанд эмас, деган фикрда/REUTERS

Тўрт йил муқаддам россияликлар етакчиси Доналд Трампни биринчилардан бўлиб табриклаганди, Россия давлат думасида эса бу хабарни шампан виноси билан нишонлашганди.

BBC нашрининг Москвадаги мухбири Стив Розенберг Кремлдагилар Америка сайлови натижаларидан хурсанд эмаслиги ҳақидаги тахминлар ҳақида ёзади.

Байден Барак Обама даврида вице-президент бўлганида ҳам Россия сиёсатининг турли жиҳатларини кескин қоралар ва ушбу давлатни Америка учун асосий таҳдид сифатида баҳоларди.

Демократик партия анъанавий равишда фаол ташқи сиёсат олиб боришга ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилади.

Аксинча, Трамп Москва ва Путинни деярли танқид қилмаган. АҚШдагилар эса Россия 2016 йилги сайловларга аралашгани ва Трамп ғалаба қозонишига ҳисса қўшгани ҳақида гумон қилиб келишади.

Яна кимлар сукут сақламоқда?
Бразилия
Ушбу мамлакат президенти Жаира Болсанару кўплаб масалаларда қарашлари ўхшагани учун «бразилиялик Трамп» деб ҳам аталади.

Сайловолди кампанияси даврида Байден Бразилия ҳукуматини Амазония тропик ўрмонларини ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қилишга чақирганди, Болсанару эса унинг бу чақириғини фойдасиз ва зарарли деб атади.

Бразилия нашрлари маълумотига кўра, Болсонару ҳам АҚШдаги сайлов жараёнлари тўлиқ якунланмагунча Байденни табрикламоқчи эмас.

«Сайловлар тугаб бўлдими?», дея жавоб қайтарди у пайшанба куни журналистларнинг шу ҳақдаги саволига.

Ким Чен Ин ва Трамп уч марта учрашишди/REUTERS

Мексика
Президент Андрес Мануэл Лопес Обрадор - Мексика билан чегарада девор ўрнатишга уринганига қарамай Доналд Трамп билан яхши алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган яна бир лотин америкалик давлат раҳбари ҳисобланади.

«Биз узоқни кўзламайдиган бўлишни истамаймиз. Биз вазиятга енгил қарамаймиз», деди у матбуот анжуманида ва Мексика ҳар икки номзодга ҳам бирдек қарашини қўшимча қилди.

Техасдан Вакиллар палатасига аъзо бўлган демократ Хоакин Кастро Обрадорнинг эҳтиёткорлигини беқиёс дипломатик хато деб атади.

Шимолий Корея
На Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин, на давлат нашрлари – КХДРда бошқачаси йўқ ҳам – Америкадаги сайловлар борасида чурқ этмади.

2016 йилда Пхенян Доналд Трампни сайловдан бир неча кун ўтиб табриклаганди.

Трамп ва Кимнинг муносабатлари мураккаб эди, аммо улар уч марта учрашишди.

Жо Байден Шимолий Корея раҳбариятига жуда салбий муносабатда ва улар билан тўғридан тўғри алоқа қилишига ҳожат йўқлигини айтган. Ким бунга жавобан уни IQ даражаси паст бўлган аҳмоқ деб таърифлаган.

Марказий Осиё
Ушбу минтақада биргина Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев Байденни ғалаба билан табриклади.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳам расмий натижалар эълон қилинишини кутмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид