11:00 / 14.11.2020
6149

Навоийда бу йил 350 км.дан ортиқ йўллар таъмирланди

Жорий йилнинг бугунги кунига қадар Навоий вилояти автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси буюртмачилигида Навоий вилоятидаги туман йўл корхоналари томонидан 300 км.дан ортиқ автомобил йўлларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Биргина Хатирчи ва Қизилтепа туманларида 67 км узунликдаги давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўлларига тўлиқ янгидан қоплама ётқизиш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, автомобил йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2800 донадан ортиқ замонавий нур қайтарувчи йўл белгилари ўрнатилди.

Вилоят ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятдаги 4Р56 “Оқтош – Янгиобод –Лангар – Чуя” автомобил йўли Хатирчи ва Нурота туманларини, шунингдек, тоғли ҳудудда яшовчи Лангар қишлоғи аҳолисини туман ва вилоят маркази билан боғловчи ягона йўл бўлгани, йўлнинг аҳамияти ниҳоятда юқори эканлигини белгилаб беради. Вилоят йўлсозлари томонидан ўтган 2 йил давомида ушбу йўлнинг тоғли ҳудуддан ўтувчи қарийб 20 км қисмида тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилиб, йўл ҳолати яхшилангани, ҳудуд аҳолисини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларга барҳам берди.

Жорий йил 10 январда қабул қилинган “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига асосан 2020-2022 йилларда вилоят ҳудудидан ўтувчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларидаги жами 7 та объектда 50,5 км узунликда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Хусусан, жорий йилда объектларда реконструкция ишларини амалга ошириш учун қарор бўйича 29000 млн сўм ажратилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 41 000,0 млн сўмлик (141 фоиз) йўл ишлари амалга оширилди.

Жумладан, 4Р57 Қизилқум ҳалқа йўлининг 0-8 км қисмларида автомобил йўлини реконструкция қилиш ишлари учун жорий йилда 7000 млн сўм маблағ ажратилган эди. Амалда пудратчи “Навоий йўллардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан январ-ноябр ойларида 11 877,9 млн сўмлик йўл ишлари (170 фоиз), 4Р55 Метан-Қўшрабод-Нурота автомобил йўлининг 120-126 км қисмида реконструкция қилиш ишлари учун 2400,0 млн сўм ажратилиб, амалда пудратчи “Навоий кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан 5400,0 млн сўмлик (225%) қурилиш ишлари амалга оширилди. Бошқа реконструкция объектларида ҳам ишлар режалаштирилганидан анча олдинда эканини айтиш мумкин.

2020 йилда Навоий вилояти ҳудудидаги умумфойдаланувдаги автомобил йўлларини таъмирлаш ишлари учун Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳам 25 млрд сўм маблағ ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан 73 км узунликдаги автомобил йўлларида тўлиқ қоплама ётқизиш ишлари бажарилди. Хусусан, Зарафшон шаҳри ва Учқудуқ туманларини вилоят маркази билан боғловчи халқаро аҳамиятдаги А-379 «Навоий-Учқудуқ (Зарафшон шаҳри орқали)» автомобил йўлининг таъмирталаб бўлган 45 км қисмига асфалт қоплама ётқизилиб сиртқи ишлов бериш орқали тўлиқ таъмирланди, натижада, ушбу йўл халқимиз ўз манзилига бехатар етиб олишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят миқёсида умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида жойлашган 5 та таъмирталаб кўприкларни тегишли давлат дастурлари асосида тўлиқ қайта қуриш ишлари режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 3 та кўприкда қурилиш ишлари тўлиқ якунланган.

Бундан ташқари, пудратчи “Навоий кўприклардан фойдаланиш” унитар корхонаси томонидан шаҳарнинг Ислом Каримов кўчасининг 1,8 км қисми ҳамда Амир Темур кўчасининг 1 км қисмлари тўлиқ қайта қурилиб, 4-6 тасмали автомобил йўлига ўтказилиб, автотранспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига замин яратилди.

Маълумот учун, Навоий вилояти ҳудудида 9456,0 км узунликдаги автомобил йўллари рўйхатга олинган. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 августдаги 169-сонли қарорига мувофиқ 4017 км узунликдаги умумий фойдаланишдаги халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўллари мавжуд. Шундан 356 км халқаро, 2536 км давлат, 1125 км маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўллари ҳисобланади. Ушбу йўллар Навоий вилояти автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси тасарруфида бўлиб, бошқарма таркибидаги туман йўллардан фойдаланиш корхоналари томонидан жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бажариб келинмоқда.

Шунингдек, вилоят ҳудудида ички хўжалик, шаҳар, қишлоқ посёлка автомобил йўллари 5439,0 км.ни ташкил этиб, туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари ҳисобида туради. Шундан, 3733 км қисмини таъмирлаш талаб этилади.

Навоий вилояти автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси ахборот хизмати

Top