18:02 / 16.11.2020
6544

Арманистон ташқи ишлар вазири истеъфога чиқди

Вазир баёноти эълон қилинишидан бир неча дақиқа аввал бош вазир Никол Пашинян парламентда қилган чиқишида Зограб Мнацаканянни истеъфога чиқармоқчи эканлигини айтган.

Фото: ТАСС

 Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян истеъфога чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Анна Нагладян маълум қилди.

«Истеъфомни қабул қилишингизни сўрайман. Ишонч ва ҳамкорлигингиз учун миннатдорлик билдираман», — дея Мнацаканяндан иқтибос келтирмоқда Sputnik. Арманистон.

Агентликнинг ёзишича, вазир баёноти эълон қилинишидан бир неча дақиқа аввал бош вазир Никол Пашинян парламентда қилган чиқишида Мнацаканянни истеъфога чиқармоқчи эканлигини айтган.

 Унинг сўзларига кўра, 2018 йилда бошланган музокаралар жараёни Тоғли Қорабоғ ҳудудларининг топширилишига олиб келган. Бош вазирнинг қўшимча қилишича, музокаралар давомида Шуша шаҳрини ҳам Озарбойжонга бериш масаласи ҳам муҳокама қилинган. 

 Арманистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анна Нагдалян Пашиняннинг ушбу баёнотини изоҳлар экан, «тинчлик музокараларининг ҳеч бир босқичида Шуша шаҳридан воз кечиш масаласи кўтарилмаган»ини билдирди.

10 ноябр куни Пашинян Озарбойжон ва Россия билан Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ва Бокуга айрим ҳудудларни, жумладан Шуша шаҳрини бериш тўғрисида келишув имзолаганини маълум қилди. Шундан сўнг Ереванда мазкур келишувга қарши норозилик намойишлари бошланди.

Top