Жамият | 15:13 / 17.11.2020
7457
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 140та хусусий мактаб фаолият юритмоқда – вазирлик

Халқ таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Сарварбек Саъдуллаев ҳозир Ўзбекистонда нечта хусусий мактаб фаолият юритаётгани ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунга келиб, республика бўйича умумий 140та тўлиқ хусусий нодавлат умумтаълим муассасалари фаолият юритмоқда.

Шунингдек, 18та нодавлат умумтаълим муассасаси ташкил этиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар имзоланган. Тошкент шаҳрида 52та нодавлат умумтаълим муассасаси мавжуд. Нодавлат умумтаълим муассасалар сони сўнгги йилларда нодавлат таълим секторига бўлаётган эътибор ва давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳисобига 6 бараварга ошган», деди вазирлик вакили АОКАда ўтказилган брифингда.

У хусусий мактабни битираётганда қандай кўринишдаги шаҳодатнома олиниши ҳақидаги саволга жавоб қайтарган.

«Авваллари нодавлат умумтаълим муассасалари битирувчилари мазкур мактабнинг шаҳодатномасини олиш имкониятлари йўқ эди. Улар давлат умумтаълим мактабларида экстернат тариқасида якуний имтиҳон топшириб, давлат умумтаълим мактаби шаҳодатномасини олар эдилар.

Бугунги кунда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, нодавлат умумтаълим муассасалари ҳам худди давлат умумтаълим мактаблари сингари битирувчиларига давлат намунасидаги шаҳодатнома беришларига шароит яратилди», деган у.

Мавзуга оид