Ўзбекистон | 14:37 / 27.04.2023
6552
2 дақиқада ўқилади

Хусусий мактаблар миллий рейтингда иштирок этишга таклиф этилди

2023 йилдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотлари ҳам баҳолаш рейтингида иштирок этишлари мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.

Фото: Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Вазирликка кўра, жорий йилда мактабларнинг миллий рейтингини тузишга янгилик киритиш мақсадида нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ҳам баҳолаш назарда тутилмоқда.

Миллий рейтингда иштирок этиш истовчи нодавлат таълим ташкилотлари ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтиши мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда бир неча йилдан буён туман (шаҳар)лар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кесимида умумтаълим муассасаларининг рейтинги тузиб келинмоқда.

Рейтингда қуйидагилар инобатга олинади:

  • ўқувчиларнинг фан бўйича эгаллаган билимлари;
  • ўқувчиларнинг ҳаётга тайёргарлик даражаси (билим даражаси, олийгоҳларга кириш кўрсаткичи, хорижий тилни билиш даражаси);
  • педагогларнинг сифат таркиби ва салоҳияти (олий ва биринчи тоифага эга педагоглар улуши);
  • мактаблардаги маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий муҳит;
  • маҳаллий ҳокимликларнинг мактаблар ривожи учун қўшган ҳиссаси.

Бунда, қуръа ташлаш йўли билан танлаб олинган 10 фоиз мактаблардаги 9-синф ўқувчиларининг билимлари баҳоланади, ўқитувчилар ўртасида халқаро TALIS баҳолаш дастури методикаси асосида ижтимоий сўровнома ўтказилади.

Мавзуга оид