Ўзбекистон | 07:24 / 20.11.2020
8639
4 дақиқада ўқилади

Акциядорлик жамиятлари фаолиятига доир қонунларда қандай ўзгаришлар бўлди?

Акциядорлик жамиятлари томонидан йирик битим тузилишида миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қонунчиликда қўшимча тартиб белгиланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Эгамбердиев йирик битим тузилишида миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида жорий этилган янги тартиб ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 84-моддасига ўзгартиришлар киритилиб, акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки кузатув кенгаши томонидан йирик битим тузиш бўйича қарор қабул қилиш фақатгина мол-мулкни баҳоловчи ташкилот томонидан бозор қиймати ҳисобга олинган ҳолда, шунингдек, мустақил ташқи аудиторлик ташкилоти томонидан битим шартлари изчил ўрганилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Шерзод Эгамбердиев

«Бундан ташқари, мазкур қонуннинг 88-моддасига ўзгартиш киритилиб, жамият ўзи ва аффилланган шахслар ўртасида тузиладиган битимлар ҳақида ахборотни ошкор қилиш тартиби такомиллаштирилди. Хусусан, аффилланган шахслар билан битим тузилганида ушбу битим тузилган пайтдан эътиборан 72 соат мобайнида ушбу маълумотни ошкор қилиши ҳамда бундай битимлар тузиш чоғида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотни ўзининг йиллик ҳисоботида акс эттириши зарурлиги алоҳида норма билан белгилаб ўтилди.

Шу билан бирга, жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси, бошқарув директори ёки аъзоси, шунингдек, ишончли бошқарувчиларга ҳам жамият олдидаги қўшимча масъулиятлар белгиланди. Хусусан, суд агар жамият кузатув кенгаши аъзоси, бошқарув директори ёки аъзоси, шунингдек, ишончли бошқарувчини жамиятга мулкий зарар етказганликда айбдор деб топганда суд қарорига кўра, уларнинг ваколатлари хўжалик жамиятларида раҳбарлик лавозимини эгаллашни тақиқлаган ҳолда бир йил муддатга тугатилиши белгилаб қўйилди», — деди у.

Эгамбердиевнинг айтишича, жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоси, бошқарув директори ёки аъзоси, шунингдек, ишончли бошқарувчи қуйидагилар натижасида жамиятга етказилган зарaр учун аниқ жавобгар бўлиши белгилаб қўйилди:

— чалғитувчи ахборот ёки олдиндан била туриб ёлғон ахборот тақдим этганлик;

— қонунчиликда белгиланган ахборот тақдим этиш тартибини бузганлик;

— жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган йирик битимларни ёки амалга оширилишидан манфаатдорлик мавжуд бўлган битимларни тузишни таклиф этганлик, шу жумладан, жамият билан бундай битимларнинг тузилиши натижасида ўзлари ёки ўз аффилланган шахслари томонидан фойда, даромад олиш мақсадида битим тузиш таклиф этганлик.

«Бунинг маъноси агар жамиятга, жамият кузатув кенгаши аъзолари, бошқарув директори ёки ишончли бошқарувчи аффилланган шахслар билан ўзи таклиф қилаётган масалалар ўзларига ёки ўзларининг аффилланган шахсларига даромад олиб келиши билан боғлиқ бўлса, мана шу таклифни киритганлик масаласига ҳам жавобгарлик белгиланди.

Ўзгартишга кўра, акциядор йирик битим ёки аффилланган шахс билан тузилган битимни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини судда кўриб чиқиш чоғида, айнан мана шу жараён давомида жамиятдан ва гувоҳлардан суд томонидан кўриб чиқилаётган масалага оид барча ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга бўлишди. Албатта, бундан давлат сирлари ёки қонунчилик билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мустасно.

Бу кучга кирганидан бери яна бир муҳим янгиликлардан бири бу – барчамизга маълум бўлган облигациялар тартиби соддалаштирилди ва корхоналарга, яъни масъулияти чекланган жамият ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларга корпоратив облигациялар чиқариш ҳуқуқи берилди», — дея қўшимча қилди у.

Маълумот учун, мазкур тартиб қарийб 2007 йилдан бери амалда бўлиб, облигацияларни МЧЖлар томонидан чиқаришга чекловлар мавжуд эди. Эндиликда облигациялар чиқарилиши учун бир йиллик аудиторлик хулосаси кифоя қилади ва маълум бир соддалаштириш нормалари ҳам белгилаб олинди.

Мавзуга оид