00:46 / 21.11.2020
6794

Жоржия штатида Байденнинг ғалаба қозонгани расман тасдиқланди

Фото: AP

АҚШнинг Жоржия штати маъмурияти ушбу штатда президент сайловларида берилган овозлар қўлда қайта ҳисоблаб чиқилгандан кейин штатда Жо Байден ғалаба қозонганини тасдиқлади. Бу ҳақда штат вице-губернатори Брэд Раффенспергерга таяниб CNN телеканали маълум қилди. 

“Рақамлар алдамайди. Ҳисоблашимча, биз бугун тақдим қилган маълумотлар тўғри”, деб айтган Раффенспергер.

Штат маъмурияти маълумотларига кўра, Байден штатда 2 млн 475 минг 141та ёки 49,5 фоиз овоз, амалдаги президент Дональд Трамп эса 2 млн 462 минг 857та ёки 49,3 фоиз овоз тўплаган. Икки номзод учун берилган овозлар орасидаги фарқ 12 мингдан сал кўпроқни ташкил қилган.    

Агар Трамп штаби бу натижалар бўйича эътироз билдира олмаса, унда бу штатда демократлар номзоди 1992 йилдан бери биринчи марта республикачи номзодни ортда қолдиради.

30 ноябрда ўтган президент сайловларидан кейинги илк кунларда Жоржияда Трамп етакчилик қилаётганди. Бироқ бюллетенлар қайта ишланиши давомида Байден 6 ноябрга келиб олдинга чиқиб олган. Штат сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Байден Трампни 0,3 фоизга ортда қолдирган ва шу сабабли овозлар қайта ҳисоблаб чиқилган.   

Трампнинг таъкидлашича, Жоржия овоз бериш вақтида кўплаб қоидабузарликлар юз берган штатлардан бири ҳисобланади. Трамп адвокатларининг таъкидлашича, ушбу қоидабузарликлар Байденга овозлар ҳисобланишининг энг охирида Трампни ортда қолдиришга имкон берди.

CNN’да таъкидланишича, Жоржия губернатори Брайан Кемп 21 ноябрь соат 17да тегишли ҳужжатлар остига имзо қўяди ва бу Байденга сайловчилар вакилларининг яна 16та овозини беради. Шу билан бирга, Трамп штаби номзодлар орасидаги фарқ 0,5 фоиздан камроқни ташкил қилаётгани сабабли овозларнинг яна бир марта қайта ҳисоблаб чиқилишини талаб қилиши мумкин. Бундай ҳолатда бюллетенлар қўлда эмас, балки сканерлар ёрдамида қайта ишланади. 

Top