Ўзбекистон | 16:48 / 23.11.2020
10070
2 дақиқада ўқилади

Пенсия жамғармаси ноқонуний қўшимча стажларга оид маълумотларни ошкор қилди

Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан давлат пенсияларини тайинлашда тақдим этилаётган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларнинг ҳаққонийлигини ўрганиш жараёнида “Ўзархив” агентлиги тасарруфидаги айрим архив идоралари томонидан ишончсиз маълумотлар тақдим этилаётганлиги ҳолатлари аниқланди.

Фото: KUN.UZ

Пенсия жамғармаси Сурхондарё вилоятининг ўзида жорий йилда ўтказилган ўрганишларда, Шеробод тумани шахсий таркиб ҳужжатлари Давлат архиви томонидан мазкур архив фонди сақловида бўлган китобларда айрим фуқароларнинг иш ҳақи ва иш стажи тўғрисидаги маълумотлари шубҳа уйғотиб, қайта ўрганилганда бу туманда яшовчи фуқаро Б.К.га 1995-2004 йилларда ишлаганлиги ҳақидаги 2020 йил 4 ноябр кунги иш ҳақи маълумотномаси архив фондида сақланаётган бирламчи ҳужжатлар билан солиштирилганда, фуқаро Б.К.нинг исми-шарифи китобнинг охирги қаторларига бошқа сиёҳ ручкада қўшимча равишда қўшиб қўйилганлиги маълум бўлди.

Шеробод тумани Давлат архиви томонидан шу туманда яшовчи фуқаро Ч.Д.га, Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро М.С.га, Қизириқ туманида яшовчи фуқаро С.Ж.га ва Ангор туманида яшовчи фуқаро К.Т.га ҳам архив фондида сақланаётган тугатилган ёки архив фондига ҳужжат тақдим қилган бошқа корхона ва ташкилотларнинг иш ҳақи ҳисоблаш китобларининг охирги қаторларига бошқа ручка ва бошқа ёзувлар билан қўшиб ёзилган архив маълумотномалари тақдим қилинганлиги аниқланган. 

Юқорида номлари келтирилган фуқаролар томонидан Шеробод тумани Давлат архивидан асоссиз ёзиб берилган маълумотномалар асосида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилишган бўлиб, Пенсия жамғармаси бўлимларининг Пенсия ва нафақаларни тайинлаш комиссиялари томонидан шубҳали деб қаралган мазкур маълумотномалар жойига бориб, бирламчи ҳужжатлар асосида солиштиришлардан ўтказилган ва уларнинг иш стажи ҳамда иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларининг асоссиз эканлиги аниқланган ҳолда, ҳисобга олинмасдан, пенсия тайинлаш рад этилган.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ва шу кунларда аниқланаётган ҳолатлар Пенсия жамғармасининг масъуллари томонидан таҳлил қилиниб, ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ўтказилди.

Мавзуга оид