Жамият | 14:21 / 24.11.2020
31948
8 дақиқада ўқилади

Дин, жамият ва хайрия. Рустамжон домла билан катта суҳбат

Қарийб 20 йилдан буён дин хизматида бўлиб, айни пайтда Андижон вилояти Балиқчи туманидаги масжидда имомлик қилиб келаётган Рустамжон Ҳамидов етимпарвар хайрия ташкилотчиси сифатида кенг жамоатчиликка танила бошлади. Шунингдек, унинг оммавий чиқиш ва маърузалари ижтимоий тармоқларда Рустамжон домла номини янада кўпроқ одамга танитди. Kun.uz билан суҳбатда Рустамжон домла дин, жамият ва хайрия ишлари, шунингдек, бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тумандаги «Оққўрғон» масжидида хизмат қилувчи Рустамжон Ҳамидов суҳбат давомида диний таълим, хайрия ва динга жамиятнинг муносабати, муҳтожларга эътибор ҳақида мулоҳазаларини билдирди.

Сизнинг шаклланишингизда, шахс сифатида камолга етишингизда кимларнинг ўрни, таъсири бўлди?

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Учрашувларда савол-жавоблардаги мени энг ҳаяжонлантирадиган, «шу савол бўлмасайди», деган саволлардан бири. Ёшлигим сал оғирроқ ўтган. Бизда қишлоқда эна (буви – таҳр.) деб айтамиз, энам билан катта бўлганман. Тақдир шундай бўлган. Менимча, шу бугунги фаолият – имомлик ҳам, хайрияларнинг амалга оширилишининг асосий сабаби – шу, энамизнинг иккита нарсада таъсири бўлган. Биринчиси – жуда диндор одам эдилар, кўп ибодат қилардилар. Икковимизнинг суҳбатимиз асосан диндан, эскиларимизни, улуғларимизнинг одоб-аҳлоқларидан бўларди. Иккинчи таъсир – етимликда катта бўлганим таъсири.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам етим болаларни яхши кўрардилар, меҳрибон эдилар. Ўзлари етимликда катта бўлганликлари учун бу нарсага кўп эътибор берардилар. Албатта, ўша кунлар ҳаётимизга таъсир қилган.

Айтиб бера оласизми, суҳбатларда, сиз ёлғиз қолиб, сизга сабоқ берган пайтлардан кўпроқ нималарни эслайсиз? Балки ҳанузгача жаранглаб турган гаплар бордир, китоблардан айтилган иқтибослар бордир.

— Кўпроқ эски замонлардан гапириб берган. Энам 10-йилда (1910 йиллар назарда тутилмоқда – таҳр.) туғилганлар. Эскилардан эшитган ўзларидан аввалги 50-60 йилликни эслайдилар. Ўша вақтдаги одамлардаги оқибатни қўмсайман. Яхшиликлар, бир-бирига меҳрибонликлар, айниқса уруш даврларини худди кўргандекман. Ҳар кунги бўлган воқеаларни айтиб берардилар. Энг асосий нарса – ҳалолликка қаттиқ турардилар. Ёш боламан – қўшнимизнинг ўригидан, олмасидан олган бўлишим мумкин. Шуни билиб қолсалар, хафа бўлиб қолардилар. У кишини хафа қилмаслик учун кўп нарсага тайёр эдим, менга кўп меҳрибончилик қилганлар, Худо раҳмат қилсин.

Кейинчалик бу йўлда собит бўлишга яна нима туртки бўлди?

— Энамнинг таълимини қаранг-да: одамларга фойданг тегсин, дерди. Одамларга фойдаси тегадиган иккита касб бор, дерди. Биринчиси, одамларнинг уйини қурадиган уста, гапларини қаранг. Қиёмат қойим бўлганида одамларга ҳунар билан ёрдам берган сартарош, дурадгор усталарни қиёмат куни қўлларидан  нур чиқади, дерди. Шунда менда ана шу касбга ишқ пайдо бўлди. Ёшлигимдан дурадгор бўлишни хоҳлаб, бир тоғамиз ана шундай уста эди, шу кишига шогирд тушдим. Бу одам ҳам диний таълими бор одам. 

Икки устозим, икковлари дўст. Алҳамдулиллаҳ, икковлари кўп меҳнат қилиб, мадрасада ўқитишди. Мадрасадан келганимдан кейин келишим биланоқ  2000-йилларда диний хизмат бошланиб кетди. Шундан бери алҳамдулиллаҳ шу хизматдаман.

Бу қисқа муддат эмас. Орадан қарийб 20 йил ўтди. 20 йил ичида жамиятда онг ўзгарди. Ҳар хил соҳаларга бўлган муносабат ҳам ўзгарди. Бу орада диний соҳага бўлган муносабат ўзгарганми? 20 йил ичида унда у ёки бу бурилишлар бўлдими?

— 2000-йиллар... Мен диний соҳанинг 1993-1995 йиллардан буёғини эслайман. У вақтда дин, гўёки янги диндек, халқимизга кириб келди. Мустақилликдан кейин динимизга эркинлик берилди. Халқ  динга очлик, чанқоқлик билан муносабатда бўлди. Халқимиз жуда бошқача эди: соддалик ҳам бор, қизиқувчан, диндорларни ўта севувчи. Ўша замонда катта бўлдик.

Кейин-кейин глобал оламга кириб бордик. Одамлар дунёни гўё кафтда кўргандек кўра бошлади. Оз-оздан ихтилофлар пайдо бўлди. Ҳар йили халқни диний соҳага, дин вакилларига қараши ўзгаряпти. Талаб қаттиқроқ. Бу нарсани тан оламиз. Ҳаттоки, халқ билан қадам-бақадам юришнинг иложи бўлмай қоляпти. Мана бугунга келиб, халқимиз анчагина илмли. Халқимизнинг диний соҳада анчагина таълими бор. Саволлари, қарашларидан биласиз.

Жамиятда айрим пайтлари учратиб қоламан: бу одам диндор ёки тақводор деб одамларга ном қўйиб айтилади. Шунга сизнинг муносабатингиз қандай? Айрим одамларга нисбатан бу одам диндор ёки динга чуқур кирган, жуда тақводор, эскича деган ном берилишига қандай қарайсиз?

— Бу номнинг шаклланиши ҳам турғунлик даврига алоқадор. У вақтда одамлар деярли динсиз қилиб тарбияланган. Бу нарса бизга ташвиш келтиради. Нимадан? Биз мусулмонмиз. Ўзбек халқи минг йилдан олдин исломни ушлаган, шунга амал қилган ва бу билан дунёга устун бўлган халқ. Энди бугун янгича, эскича деган нарса менимча халқни юқори кўтарилишига халақит беради.

Айрим одамлар буни тескари тақлидда ҳам айтишади: яъни эскича қараётган ёки диндор одам бизни ривожланишимизга тўсиқ бўляпти, деган саволни ўртага қўйишади. Аслида ҳам шундайми?

— Аслида ундай эмас. Бу нарсани эскилик сарқити дейликда. «Дин бизнинг оёғимизга солинган кишан» деган тушунча бўларди. Биз рус даврида сал-пал яшадик. Мана шу тушунча қолиб кетди. Дин асли нима эди?

Диннинг энг асосий таълимотларидан бири – ўқи. Аҳамият қилсангиз, Қуръони каримда биринчи нозил бўлган суранинг биринчи ояти «ўқи» билан бошланган. Мусулмон одам қачонки ҳар қандай соҳада ўқисагина, дуруст бўлади. Мен масжидларда, маърузаларда кўп айтаман: биродарлар болаларни ўқитинглар. Хоҳ физика, хоҳ рус тили, инглиз тили бўлсин, хоҳ диний таълим бўлсин. Бу – фарз. Мусулмон таълим олишга мажбур. Таълим олмаса, албатта орқада қолиб кетади.

Бизда диний таълим деганда ҳужра тушуниб қолинди-да. Қоп-қоронғи ҳужрада қолиб кетадиган одам, деб. Йўқ, унинг ўша ҳужрадан порлаб чиқиши ҳам бор. Мадраса, университетларда ўқиши, дунёга устун бўлиши, дунёга муаллим бўлиши ҳам бор шу халқнинг, иншааллоҳ.

— Бежиз айтмадингиз, бизнинг дунёни англашга бўлган интилишимиз жадал. Интернетда, айниқса, Youtube'да хорижда бўлаётган одамларнинг маърузаларини ҳам тинглашяпти. Ёшлар кўпроқ Ўзбекистон ичидагини эмас, бошқа ерларда ишлаб чиқилаётган маълумотларни, ахборотларни истеъмол қиляпти. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

— Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг инсон психологияси ҳақида айтган бир ҳадислари бор: одамзот ман қилинган нарсага кўпроқ қизиқади. Аслида қайтариш – жалб қилиш. Воизларимизга имконият, балки мажбурият бериш керак. Воизларимиз халқни айтган, чанқаётган нарсасини бера олиши керак.

Суҳбат давомида имомларнинг жамиятда тутган ўрни ва кенг жамоатчиликнинг уларга муносабати, етимни кафилликка олиш ва хайрия ишларини ташкил этиш ҳақида, иймон ва бугунги дунёни ташвишлантирувчи масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилган. Репортажни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж усталари – Нуриддин Нурсаидов, Асад Алланазаров.

Мавзуга оид