Тумандаги «Оққўрғон» масжидида хизмат қилувчи Рустамжон Ҳамидов суҳбат давомида диний таълим, хайрия ва динга жамиятнинг муносабати, муҳтожларга эътибор ҳақида мулоҳазаларини билдирди.
— Сизнинг шаклланишингизда, шахс сифатида камолга етишингизда кимларнинг ўрни, таъсири бўлди?
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Учрашувларда савол-жавоблардаги мени энг ҳаяжонлантирадиган, «шу савол бўлмасайди», деган саволлардан бири. Ёшлигим сал оғирроқ ўтган. Бизда қишлоқда эна (буви – таҳр.) деб айтамиз, энам билан катта бўлганман. Тақдир шундай бўлган. Менимча, шу бугунги фаолият – имомлик ҳам, хайрияларнинг амалга оширилишининг асосий сабаби – шу, энамизнинг иккита нарсада таъсири бўлган. Биринчиси – жуда диндор одам эдилар, кўп ибодат қилардилар. Икковимизнинг суҳбатимиз асосан диндан, эскиларимизни, улуғларимизнинг одоб-аҳлоқларидан бўларди. Иккинчи таъсир – етимликда катта бўлганим таъсири.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам етим болаларни яхши кўрардилар, меҳрибон эдилар. Ўзлари етимликда катта бўлганликлари учун бу нарсага кўп эътибор берардилар. Албатта, ўша кунлар ҳаётимизга таъсир қилган.

— Айтиб бера оласизми, суҳбатларда, сиз ёлғиз қолиб, сизга сабоқ берган пайтлардан кўпроқ нималарни эслайсиз? Балки ҳанузгача жаранглаб турган гаплар бордир, китоблардан айтилган иқтибослар бордир.
— Кўпроқ эски замонлардан гапириб берган. Энам 10-йилда (1910 йиллар назарда тутилмоқда – таҳр.) туғилганлар. Эскилардан эшитган ўзларидан аввалги 50-60 йилликни эслайдилар. Ўша вақтдаги одамлардаги оқибатни қўмсайман. Яхшиликлар, бир-бирига меҳрибонликлар, айниқса уруш даврларини худди кўргандекман. Ҳар кунги бўлган воқеаларни айтиб берардилар. Энг асосий нарса – ҳалолликка қаттиқ турардилар. Ёш боламан – қўшнимизнинг ўригидан, олмасидан олган бўлишим мумкин. Шуни билиб қолсалар, хафа бўлиб қолардилар. У кишини хафа қилмаслик учун кўп нарсага тайёр эдим, менга кўп меҳрибончилик қилганлар, Худо раҳмат қилсин.
— Кейинчалик бу йўлда собит бўлишга яна нима туртки бўлди?
— Энамнинг таълимини қаранг-да: одамларга фойданг тегсин, дерди. Одамларга фойдаси тегадиган иккита касб бор, дерди. Биринчиси, одамларнинг уйини қурадиган уста, гапларини қаранг. Қиёмат қойим бўлганида одамларга ҳунар билан ёрдам берган сартарош, дурадгор усталарни қиёмат куни қўлларидан нур чиқади, дерди. Шунда менда ана шу касбга ишқ пайдо бўлди. Ёшлигимдан дурадгор бўлишни хоҳлаб, бир тоғамиз ана шундай уста эди, шу кишига шогирд тушдим. Бу одам ҳам диний таълими бор одам.


















