Спорт | 21:39 / 25.11.2020
75872
3 дақиқада ўқилади

Диего Марадона вафот этди

Аргентина терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, афсонавий футболчи Диего Марадона 60 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Аргентинадаги нашрлар хабар бермоқда.

Фото: AFP

Октябр ойи охирида у тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифохонага ётқизилган, унда субдурал гематома аниқланганди. Бундай гематома одатда бош мия жароҳати асоратлари натижасида пайдо бўлади. Ёш ўтгандан кейин у сурункали гематомага айланиши мумкин.

Clarín нашри маълумотига кўра, ноябр ойи бошида унинг миясида жарроҳлик амалиёти ўтказилган, унга 12 ноябр куни жавоб берилганди.

«Жуда қайғули хабар. Мен яхши дўстимни, дунё афсонани йўқотди. Ҳали кўп нарса айтиш мумкин, лекин ҳозир оила аъзоларига сабр тилайман. Умид қиламан, бир кун осмонларда бирга тўп тепармиз...», деб ёзди Марадонанинг ўлими ҳақидаги хабарлардан кейин бошқа бир афсонавий футболчи, бразилиялик Пеле.

Ole нашри хабарига кўра, футболчи тикланиш жараёнини ўтаётган Буэнос-Айресдаги уйида ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва оламдан кўз юмган.

Аргентинада Марадонанинг ўлими туфайли уч кунлик мотам эълон қилинган.

  • Диего Марадона футболчилик фаолияти давомида «Барселона», «Наполи», «Севиля» клубларида ўйнаган. 1977-1994 йилларда у Аргентина терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, 1986 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган, 1990 йилги мундиалда эса кумуш медаллар билан тақдирланганди. У 1997 йилда, 37 ёшида футболчилик фаолиятини якунлаган.
  • 2008-2010 йилларда терма жамоага бош мураббий бўлган. Кейинроқ Мексика ва БААдаги клубларда бош мураббий сифатида ишлаган. У ФИФА сайтидаги овоз бериш натижаларига кўра XX асрнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинганди.
  • Диего Марадона — қўл билан урган голи орқали янада машҳур бўлган. 1986 йилги жаҳон чемпионатида Англияга қарши ўйин вақтида аргентиналик футболчи рақиб жарима майдонида ҳаводан узатилган тўпга сакраган ва қўли билан зарба берган, унинг бу ҳаракатини ҳакамдан бошқа барча кўрган ва гол ҳисобга олинган. 

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид