Ўзбекистон | 10:31 / 28.11.2020
3579
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон қўшма улгуржи-тарқатиш марказлари ташкил этишни режалаштирмоқда

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқовнинг Қозоғистон бош вазири ўринбосари Р.Скляр билан икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирокида видеоконференция шаклида музокаралари бўлиб ўтди.

Музокара иштирокчилари икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартибини, илгари эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперацияси соҳасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Суҳбат давомида икки мамлакат агросаноат корхоналари ўртасида айрим турдаги экинларни етиштириш, қўшма чорвачилик мажмуалари ҳамда интенсив боғларни яратиш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ташқи бозорларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш мақсадида қўшма улгуржи-тарқатиш марказларини ташкил этиш дастурини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида техник тартибга солиш, метрология ва маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини келишишни тезлаштириш бўйича кейинги ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида уруғчиликни ривожлантириш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда дон ва мойли экинларнинг юқори маҳсулдор навларини етиштиришни жадаллаштириш мақсадида қўшма илмий тадқиқотларни ўтказиш, икки мамлакат илмий-тадқиқот институтлари даражасида алоқаларни ташкил этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини кузатиб бориш, юзага келаётган масалаларни зудлик билан ҳал қилиш ва кўп қиррали икки томонлама шерикликнинг янги ташаббус ва йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида видеоконференциялар ўтказиш амалиётини мунтазам равишда давом эттириш тўғрисида келишиб олди.

Мавзуга оид