Жаҳон | 17:07 / 29.11.2020
14115
9 дақиқада ўқилади

Эфиопиядаги уруш: ҳукумат Тиграй маркази эгалланганини маълум қилди, айирмачилар курашни давом эттирмоқчи

Эфиопия қуролли кучлари бир неча ҳафтадан бери марказий ҳокимият ва Тиграй озодлик халқ фронти партияси ўртасида қуролли ихтилоф давом этаётган Тиграй штати пойтахти Мэкэле устидан назорат ўрнатди.

Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али ҳукумат кучлари ҳарбий амалиётни якунлашгани ва эндиликда Тиграй маркази - исёнчи кучлар пойтахти Мэкэле шаҳри тўлиқ назорат остига олингани ҳақида маълум қилди. Ҳарбий ҳаракатлар ноябрь ойи бошида бошланган ва Африка Шохи минтақасидаги вазият издан чиқиши хавфи юзага келганди.

Бир неча кун олдин эфиопиялик ҳарбийлар Судан ва Эритрея билан чегарадош бўлган шимолий провинция - Тиграйга кенг кўламли юриш бошлаганди. Бу ҳужум ҳақида ҳудуд етакчилари ва гуманитар ташкилотлар хабар беришганди.

Сўнгги хабарларга кўра, армия Мэкэлега кирган.

«Шуни мамнуният билан хабар қиламанки, биз Тиграй ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларни якунладик. Ҳозирда биз эътиборимизни регион тикланиши ва инсонпарварлик ёрдами етказиб беришга қаратганмиз, федерал полицияси эса «Тиграй озодлик халқ фронти»ни тийиб туради», дея ёзган бош вазир твиттердаги саҳифасида.

Ҳукумат ҳарбийлари ва «Тиграй озодлик халқ фронти» (ТОХФ) ўртасидаги қуролли зиддият уч ҳафтадан ортиқ вақт давом этаётганди. Бу вақт ичида минглаб кишилар ҳалок бўлган, ўн минглаб кишилар қочқинга айланган. БМТ кенг миқёсдаги гуманитар инқироздан огоҳлантирганди.

Ноябрь ойи бошида бош вазир Абий Аҳмад Али ТОХФга қарши ҳарбий амалиёт бошлангани ҳақида эълон қилди.

2019 йилда қўшни Эритрея билан кўп йиллик низони ҳал қилгани учун тинчлик йўналишида Нобел мукофотига сазовор бўлган Эфиопия бош вазири халқаро ташкилотларнинг айирмачилар билан музокаралар столига ўтириш ҳақидаги чақириқларига қулоқ солишни истамади, «Тиграй озодлик халқ фронти» эса ғалабали якунга қадар курашишни ваъда қилди.

Эфиопия армиясининг генерал-лейтенанти Ҳасан Иброҳим якунланган ҳафта давомида ҳукумат ҳарбийлари Мэкэледан шимолда жойлашган Викро шаҳри ва атрофдаги бошқа кичик шаҳарчаларни эгаллашгани ҳақида маълум қилганди.

Эфиопия ҳукумати томонида туриб жанг қилаётган амҳаралик жангчилар / AFP

Исёнчилар раҳбари Дебрецион Геберемайкл Reuters агентлигига берган маълумотида Тиграй пойтахтига артиллерия орқали зарбалар йўллангани, ҳукумат ҳарбийлари шаҳарни эгаллаш учун юриш бошлагани ҳақида маълум қилди.

Геберемайкл «тиграйликлар ўз мустақиллигини ҳимоя қилишда давом этиши ва босқинчиларга қарши охиригача курашиши»ни таъкидлаганди.

Аввалроқ Эфиопия ҳукумати айирмачи кучларга ультиматум қўйган - қуролларни топшириш ёки Мэкэле қамал қилинишига тайёрланиш. Ультиматум муддати пайшанбага ўтар кечаси якунланди. Жума куни ҳарбийлар юришнинг «якуний босқичи» бошланганини эълон қилишди.

Эфиопиялик ҳарбийлар минтақага кириб келишганидан кейин юзлаб кишилар ҳалок бўлган, минглаб кишилар бошпаналарини ташлаб кетишга мажбур бўлишган.

Ўтган кунлар ичида Тиграйда нималар бўлгани ҳақида аниқ ва батафсил маълумотлар олишнинг, воқеаларни мустақил баҳолашнинг имкони йўқ, чунки Тиграйда телефон алоқаси ва интернет ишламаяпти.

Эфиопия бош вазирининг айтишича, қуролли кучлар Мэкэле шаҳри эгаллангач, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишган

Тиграй пойтахтида нималар бўлмоқда?
Эфиопия армияси Мэкэле бир неча кун ичида эгалланиши, лекин қамал вақтида бу шаҳарда яшаётган 500 минг кишилик тинч аҳоли вакилларига зарар етказилмаслиги маълум қилганди.

Reuters агентлиги хабар қилишича, бош вазирнинг матбуот котиби Биллен Сеюм эфиопиялик ҳарбийлар тинч аҳоли яшайдиган туманларни ўққа тутмаслигини маълум қилганди. «Эфиопиянинг Мэкэле ва Тиграйдаги фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш федерал ҳукуматнинг устувор вазифасидир», деганди у.

Мэкэле эгаллангани ҳақида эълон қилган бош вазир, армия шу вақтга қадар «Тиграй озодлик халқ фронти» асирлигида бўлган минглаб аскарлар озод қилингани, шунингдек, армия аэропорт, жамоат институтлари, маҳаллий маъмурият бинолари ва муҳим муассасаларни назоратга олгани, операция «шаҳарнинг 500 минглик аҳолисини зарба остига қўймай амалга оширишга муваффақ бўлингани» ҳақида айтди.

Аввалроқ «Тиграй озодлик халқ фронти»нинг Agence France-Presse нашрида эълон қилинган мурожаатида халқаро ҳамжамият артиллерия зарбалари ва «оммавий қотилликлар»ни қоралашга чақирилганди.

Жума куни бош вазир Абий Аҳмад Али Африка иттифоқи элчилари билан учрашувда минтақадаги тинч аҳоли ҳимоя остига олиниши ҳақида гапирди. Шу билан биргаликда, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича тинчлик музокаралари муҳокама қилинмаган, элчилар эса Тиграйга киришига рухсат берилмаганди.

«Тиграй озодлик халқ фронти» эса курашни давом эттиришини маълум қилган.

БМТ Эфиопия армияси Мэкэлега ҳужум қилгудек бўлса, ҳарбий жиноятлар содир этилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирганди. Шунингдек, ташкилот гуманитар миссиялар ходимлари регионга кира олмаётганидан хавотир билдирганди.

Чоршанба куни Эфиопия ҳукумати тез орада ҳукумат томонидан назорат қилинадиган гуманитар йўлак ташкил этилишини маълум қилиб, бу йўлакдан БМТ ходимлари билан келишган ҳолда тинч аҳоли вакиллари муҳофазаси учун фойдаланилишини билдирганди.

БМТ маълумотларига кўра, ноябрь бошидан бери қуролли ихтилоф сабабли Эфиопиядан қўшни Суданга 43 минг киши қочиб ўтган. Халқаро ташкилотда таъкидланишича, Суданга қочқинларни яқин 6 ой давомида сақлаш учун 125 млн евро зарур. БМТ озиқ-овқат маҳсулотлари тугаб бораётган 6 млн кишилик Тиграйга инсонпарварлик миссиялари ходимлари киришини таъминлашга чақирган. 

Пайшанба куни эфиопиялик ҳарбийлар Тиграй ва Судан чегараси бўйлаб жойлаштирилди. Қочқинларнинг маълумот беришича, улар маҳаллий аҳолига мамлакатни тарк этишга рухсат беришмаган.

BBC мухбири Энн Сой чегаранинг Судан томонида бўлиб, чегаранинг нариги томонида ўнлаб ҳарбийлар тургани, чегарани кесиб ўтишга уринаётган аҳоли оқими эса сезиларли даражада камайгани ҳақида хабар қилди.

«Тиграй озодлик халқ фронти» таркибига кимлар киради?
ТОХФ ҳарбийлашган тузилмалар ва яхши ҳарбий тайёргарлик кўрган маҳаллий исёнчилардан иборат бўлиб, унинг таркибида 250 мингга яқин жангчи бор.

Айрим таҳлилчилар зиддият партизанча характер олишидан - фронт жангчилари Мэкэле бой берилгач ҳам ҳукумат ҳарбийларига ҳужумлар уюштиришда давом этишидан хавотир билдиришган.

Дебрецион Геберемайкл Тиграй жангчилари «минтақа мустақиллигини ҳимоя қилиш учун ўлимга тайёрлиги»ни айтган. Ҳозирда у ташкилот кучлари Мэкэле атрофидан чекинганини тасдиқлаган.

Reuters ўз дипломатик манбасига асосланган ҳолда хабар беришича, ТОХФ Мэкэледа тинч аҳоли вакилларини сафарбар қилган: «Улар окоплар қазишган, уларнинг барчасида АК-47 бор».

Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, эндиликда ТОХФ аъзолари тоғларга чекиниши, кейинроқ федерал кучларга қарши партизанлик уруши бошлаши мумкин.

Нодавлат ташкилотлар зиддият гуманитар инқирозга олиб келиши ва Африка Шохи минтақасининг барча давлатларидаги вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан хавфсирашган.

Эфиопия ҳукумати томонидан тайинланган инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия Тиграйдаги ёшлардан тузилган гуруҳ шу йилнинг 9 ноябрида Май-Кадера шаҳрида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 600 нафардан ортиқ фуқарони ваҳшийларча ўлдиришда айблаган. Комиссия хулосасига кўра, қурбонларнинг аксари совуқ қурол билан ўлдирилган, айримлар эса тириклай ёқиб юборилган.

ТОХФ бу ишга алоқадорлигини рад этмоқда ва халқаро текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

Зиддият қандай ривож топди
Тиграй - Эфиопиянинг Эритрея ва Судан билан чегарадош бўлган провинциясидир. Олти миллионлик аҳолининг 95 фоизи маҳаллий тиграй халқига мансуб.

Тиграй аҳолиси Эфиопиянинг жами аҳолиси сонида 7 фоизлик улушга эга, аммо айнан шу халқ вакиллари кўп йиллар давомида ҳукуматда ва Эфиопия армиясида муҳим позицияларни эгаллаб келишган.

Тиграй ҳудудида Аксум шаҳри жойлашган, милод бошларида бу ерда ҳозирги Эфиопия ўрнидаги илк давлат тузилган

9 сентябрь куни Эфиопияда умуммиллий ва маҳаллий сайловлар ўтказилиши белгиланганди, аммо Абий Аҳмад Али ҳукумати сайловларни коронавирус пандемияси туфайли 2021 йилга қолдирди.

Геберемайкл бошчилигидаги Тиграй мухтор провинцияси раҳбарияти федерал ҳукумат талабига бўйсунмасдан сайловларни ўтказди ва «Тиграй озодлик халқ фронти» унда мутлақ ғалабага эришгани эълон қилинди.

Абий Аҳмад Алининг кабинети тиграйликларнинг сайлови ноқонуний ўтганини маълум қилди. Ўз навбатида провинция раҳбарияти марказий ҳукуматнинг ваколат муддати тугагани ва сайловлар ўтказилмагани учун унга бўйсунишдан бош тортди.

Ноябрь ойи бошида Абий Аҳмад Али айирмачиларни федерал армия базасига қурол-яроғларни ўғирлаш мақсадида ҳужум уюштиришда айблади ва армияга Тиграйга юриш қилишга буйруқ берди.

Мавзуга оид