07:45 / 02.12.2020
4231

Божхоначилар 1 млрд сўмлик телефонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйди

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари тезкор тадбир ўтказди.

Тадбирда фуқаро Й.А. бошқарувидаги «Кобалт» кўздан кечирилганда, юкхона ва салонда хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, 1 млрд 75 млн сўмлик 353 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Cифати кафолатланмаган 1 млрд сўмдан ортиқ тиббий буюмларнинг ноқонуний кириб келиши олди олинди

Тошкент шаҳар божхоначилари «Чуқурсой техник идора» темир йўл чегара божхона пости ва «Чуқурсой» ТИФ божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳудудига темир йўл транспортида олиб келинган, ҳужжатларга биноан «хўжалик моллари» ортилган контейнерни божхона кўригидан ўтказди.

Ушбу контейнерда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган 22 турдаги 1 млрд 84 млн сўмлик тиббий асбоб-ускуналар борлиги аниқланди.

300 млн сўмлик пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси фош этилди

Тошкент вилояти божхоначилари портловчи моддаларни қидириш йўналиши бўйича ўргатилган «Граф» лақабли хизмат ити ёрдамида Оҳангарон туманида тезкор тадбир ўтказди.

Тадбирда фуқаро У.Қ. бошқарувидаги «Исузу» юк автоулови тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, автоулов юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 303,2 млн сўмлик 315 417 дона пиротехника воситалари борлиги фош қилинди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ҳозирда божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top