10:03 / 05.12.2020
8322

Яккабоғдаги «снос»: Мулки бузилиб, ҳалигача компенсация ололмай келаётган фуқаролар бор

Kun.uz таҳририятига Яккабоғ туманида ҳокимнинг собиқ ўринбосари Мансур Тўймаевга ўт қўйилгани билан эл оғизга тушган жойдан яна мурожаат келиб тушди. Мухбирлар вазиятни ўрганиш, мурожаатчиларга микрофон тутиш мақсадида вазият юз берган жойда бўлди.

 

Барчанинг оғзида битта гап: шу йил бошидан бошлаб ўз кучини йўқотган, бироқ буза-бузлар чоғида амалда бўлган ҳукуматнинг 2006 йил №97-сонли қарорига нега амал қилинмаган? Нега бузилган жойлар учун компенсация ҳануз тўланмаяпти?

Нурбек Бекназаровнинг ҳикоя қилишича, ота-боболари 60 йилдан буён истиқомат қилиб келаётган уйининг бир қисми бузилган. Пиёдалар йўлкаси қуриш учун кўчага жой очилган. У бузилган жой учун компенсация берилмаганидан шикоят қилди. Боз устига, у эски иморатлар бузилгач, очилиб қолган жойни кўчадан тўсиш учун муваққат девор кўтарганида ишчи гуруҳ ходимларидан дакки эшитганидан ҳайратда.

Буза-бузлар натижасида оилавий тадбиркорлик – сомсапазлик билан шуғулланаётган Муҳайё Мустафоева ҳам йўл ҳисобига бузилган сомсахона учун товон пули ва ер участкаси ваъда қилинганига қарамасдан, ҳалигача на компенсация ва на ер берилганини таъкидлади.

Нафиса Собированинг эса тикувчилик цехи булдозер ғилдираклари остида қолди. «Маҳалладаги беш нафар қизни ишли қилиб турувдим», дейди у. Пишиқ ғиштдан тикланган иморатнинг ҳаттоки ғиштлари ҳам эгаларига берилмасдан, чиқиндига чиқариб ташланган. Айни пайтда уларнинг фойдасига суд қарорлари ҳам чиққан. Лекин суд қарори ижро этилмаяпти.

Шаҳноза Содиқова оила аъзолари билан фаолият кўрсатиб турган дўкони ҳам бузилиб, кўча кенгайтирилиб, ўрнидан пиёдалар йўлаги тушган ва дўкон 5 метр ичкарига олинган. Давлат эҳтиёжлари учун олинган жой эвазига на қўшимча ер майдони, на товон пули тўланган.

Одамларга микрофон тутаётганимизни кўриб, ўз арзини баён қилиб кетган Мукаррам Қосимова ҳам фаолият кўрсатиб турган дўконлари эвазига ҳали бирор сўм ололмаганини айтиб ўтди.

Яккабоғ посёлкаси марказидан ўтувчи канал устида қурилган дўконлари бузилган тадбиркорлар Сарвар Эргашев ва Бойназар Бердиев ҳам ўз дардини ҳикоя қилишди. Уларнинг ҳам рўзғор тебратиш учун қурган дўконлари бузилган. С.Эргашев чопа-чоп билан дўкон эвазига ер олингани, бироқ компенсация берилмаганини таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда шаҳарча обод қилинган, марказий автойўл кенгайтирилган, пиёдалар йўлакчаси барпо этилган. Канал усти очилган, нариги ёқда бозорча барпо этилмоқда. Ўзини бозорча эгаси деб таништирган одам, аввалига мурожаатчиларни сўкиб, ҳақорат қилиб, ишимизга халақит берди. «Сиз қандай қилиб ерни қўлга киритгансиз?» деган саволимизга 12 миллион сўмга аукцион орқали туман захирасидаги ерни харид қилганини айтди.

Эътибор беринг: Захирадаги ер аукцион орқали 12 миллион сўмга сотилган. Бу акцион Яккабоғда ҳалол ўтказилдимикан, деган савол ҳам келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Чунки энг гавжум жойда бозорча барпо этилаётган ернинг нархи 12 миллион сўмдан қиммат туриши аниқ. Агар Яккабоғда аукцион ҳалол ташкиллаштирилганида бозорча учун сотилган ер пулидан «икки йилдан буён компенсация ололмаяпмиз», деб зир югуриб юрган фуқароларнинг барчасини рози қилса бўлар эди-ку?!

Бу орада буза-бузларга бош-қош бўлган Мансур Тўймаевга чора кўрилди. Туманда икки ҳоким алмашди. Муаммо эса ҳал бўлмасдан туманнинг ҳозирги раҳбарининг гарданига келиб тушмоқда. Кўрамиз, улар бу муаммони ечиш учун қандай йўл тутишар экан.

Бу ерда туман мутасаддиларининг вазият юзасидан муносабати ҳам бўлиши мумкин эди. Бироқ ўша куни Яккабоғ тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашишнинг имконини қила олмадик. Улар селектор йиғилишдан ҳадеганда чиқишмади. Энди вазият юзасидан уларнинг расмий муносабатини кутамиз.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top