Жаҳон | 11:34 / 06.12.2020
2778
1 дақиқада ўқилади

Венесуэлада парламент сайловлари бўлиб ўтади

Венесуэлада 6 декабрда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга 20,7 млн киши парламент – Миллий ассамблеянинг янги таркибига 277 депутатни сайлайди. Бу ўринлар учун 14,4 минг номзод кураш олиб боради.

Фото: REUTERS

Шу муносабат билан сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 7да очилиб, соат 18гача ишлайди. Янги депутатлар корпуси 5 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришади.

Сайловларда 5та йирик блокка бирлашган 107та партия ва ҳаракатдан номзодлар иштирок этади. Бу орада 25та мухолиф партия вакиллари, жумладан мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо сайловларни етарлича шароитлар билан таъминланмагани ва бу билан боғлиқ ҳолда товламачиликлар бўлиши мумкинлиги сабабли бойкот қилишларини эълон қилишган. Бунинг ўрнига улар ижтимоий тармоқларда президент Николас Мадурога ишончсизлик билдириш бўйича халқ референдуми ўтказишмоқчи.

Шунингдек, ушбу сайловларнинг адолатли ўтишига АҚШ, Европа иттифоқи ва минтақадаги кўплаб давлатлар шубҳа билдирмоқда. Бу давлатларда таъкидланишича, Венесуэладаги сайловлар ҳалол, эркин бўлмайди ва мамлакатда анчадан бери давом этаётган иқтисодий ва сиёсий инқирозга барҳам бермайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид