19:57 / 07.12.2020
43251

Антимонополия қўмитаси вакили «UzAuto Motors»ни судда енгишнинг ягона ечими ҳақида гапирди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти «UzAuto Motors» АЖ билан давом этаётган суд жараёнига муносабат билдирди. Шунингдек, қўмита раиси ўринбосари Бобур Каримов жамият устидан ғалаба қилишнинг йўлини билдирди. 

7 декабрь куни АОКА биносида ташкил этилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчи «UzAuto Motors» билан давом этаётган низоли ҳолатга муносабат билдирди. 

«Суд жараёнидан жамоатчиликнинг хабари бор: у бевосита ёритилди. Суд қарорини  ҳурмат қилган ҳолда, мутахассислик фикримиз мавжудлигини таъкидлайман. Иш давомида камчилик аниқланса, ўз устимизда ишлашга ва хатомизни тўғрилашга тайёрмиз. Бу ҳолатда эса, бажарилган ҳисоб-китобга шубҳамиз йўқ ва ўз фикримизда қоламиз», — дейди Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Бекзод Умматов.

Бекзод Умматов

Умматовга кўра, суднинг ҳал қилув қарори устидан  апелляция шикоятининг киритилиши расмиятчилик учун қилинмаяпти.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримовнинг айтишича, «UzAuto Motors» томонидан нархларни асоссиз оширилишини тўхтатишнинг битта йўли бор.

«Бу — бож тўловларни камайтириш. Импорт қилинувчи автомобилларга қўйиладиган бож тўловини пасайтириш керак. Агар рақобат бўлса, уларни текширишга ҳам ҳожат қолмайди. Рақобатнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди. Агар шу нарса ҳал бўлмаса, «UzAuto Motors» ишини ҳар йили кўриб чиқишимиз, судда ютишимиз ҳам мумкин. Бироқ бу натижа бермайди, бунинг давоси — бозорда рақобатни пайдо қилиш», — деди Каримов.

Бобур Каримов

Аввалроқ, 11 декабр куни Тошкент шаҳар маъмурий суди «UzAuto Motors» ишини қайта кўриб чиқиши ҳақида хабар берилганди. 

Маълумот учун, Тошкент шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 30 октябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, аризачи «UzAuto Motors» АЖнинг жавобгар Монополияга қарши курашиш қўмитасига нисбатан шикоят аризаси қаноатлантирилди ва Махсус комиссиянинг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Қўмитанинг бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлатов жорий йил 26 август куни Kun.uz’га берган интервьюсида махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарор моҳияти ва воқеалар ривожи ҳақида гапириб берганди.

Судья Ғолиб Давлатов 30 октябр куни «UzAuto Motors» иши бўйича ўз қарорини шарҳлаб берганди. Шундан кейин, жамоатчиликда яна саволлар пайдо бўла бошлади. Kun.uz судьянинг ўз қарорига берган шарҳини қонун манбалари билан солиштириб кўрганди.

Top