21:32 / 07.12.2020
4722

Соғлиқни сақлаш вазири Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашди

7 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Aбдуҳаким Ҳожибоев Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат билан учрашди.

«Мулоқот давомида сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. 2018-2019 йилларда мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифлари кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2019 йил январь ойида IX Халқаро инвестиция саммитида иштирок этиш учун Ҳиндистонга ташриф буюрди ва у ерда мамлакат бош вазири Нарендра Моди билан Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлиги, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. 2019 йилнинг октябр ойида эса Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг Гужарот штати делегациясини қабул қилди, унда биотехнология ва қишлоқ хўжалиги кластерлари, тўқимачилик ва фармацевтика саноати каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, элчи президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади, шу сабабли касаллик тарқалиши ҳозирги вақтда сезиларли даражада камайганини эътироф этди. Ўз вақтида кўрилган чоралар COVID-19 оқибатларини минималлаштиришга сабаб бўлаётгани қайд этилди. М. Прабхат пандемия даврида Ўзбекистон аҳолиси юқори интизом ва масъулият кўрсатганини, бу яхши натижаларга эришишга ҳисса қўшганини ва ҳукуматга вазиятни шу кунга қадар назорат остида ушлаб туришига имкон бераётганлигини таъкидлади.

Ўз навбатида, вазир ҳозирда вазиятнинг барқарорлиги хотиржамликка берилиш учун асос бўла олмаслигини айтди. Кўпгина бошқа мамлакатлар тажрибасига кўра, COVID-19’нинг иккинчи тўлқинидан қочиб бўлмайди деган тушунча мавжуд. Бунинг учун мамлакатда унга тайёргарлик кўриш бўйича  ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 150дан ортиқ шифохонадан айни пайтда 40га яқини фаолияти кўрсатаётгани, қолганлари зарурат туғилганда яна коронавирус билан касалланган беморларни қабул қилишлари учун сақлаб қолингани айтиб ўтилди.

Шунингдек, томонлар келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиб олдилар. Жумладан, мавжуд инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва Ўзбекистонга янги инвесторларни жалб қилиш, қўшма фармацевтика ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш каби масалаларга тўхталиб ўтилди.

Маниш Прабхатнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда Ҳиндистон коронавирусга қарши 3та вакцина яратиш устида иш олиб бормоқда, улардан 2таси иккинчи, биттаси эса учинчи босқич синов жараёнида. Элчи келажакда Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам ушбу ҳинд вакциналари фойдали бўлишини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, элчи талабалар алмашинуви дастури бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклифларини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон ёшларининг Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртларида ўқишга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. 

Бундан ташқари, мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантиришга бўлган давлат даражасидаги эътиборда ўхшашлик мавжудлиги айтилиб, ушбу соҳадаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top