Ўзбекистон | 08:12 / 09.12.2020
7935
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ўсимлик дунёсига 444 млн сўмлик зарар етказилди

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани «Абай» МФЙ ҳудудида жойлашган тўқайзорда кесилган дарахтлар бўйича мурожаат Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўрганиш давомида дарахтлар қишлоқ хўжалиги харитасининг 34 контурида жойлашган тўқайзорда кесилганлиги маълум бўлди. Умумий кесилган дарахтлар сони 52та, шундан 46 туп тол ҳамда 6 туп туронғил таг қисмидан кесилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар 444 млн 773 минг сўмни ташкил этди.

Айни дамда мазкур ҳудуд эгаси ҳамда ким томонидан амалга оширилганлигини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Тўпланган ҳужжатлар Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига ўрнатилган тартибда тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Ҳолат якунлари бўйича ахборот қўшимча равишда тақдим этилиши айтилган.

Мавзуга оид