Жаҳон | 17:20 / 10.12.2020
8400
2 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШни коронавируснинг асосий манбаси деб атади

Пандемия бошланганидан буён мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 15 млн нафардан ошди, 289 мингдан ортиқ инсон вафот этди.

Фото: Reuters

АҚШ коронавируснинг дунёдаги ҳақиқий ва энг йирик манбасига айланди, деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чуньин Америка президенти Доналд Трампнинг “Хитой вируси” тўғрисидаги сўзларига жавобан.

“АҚШга дунё аҳолисининг 4,2 фоизи тўғри келади, аммо касаллик юқтириш кўрсаткичи бутун дунёдаги тасдиқланган ҳолатларнинг 22,2 фоизини ташкил этади. АҚШда ҳар миллион кишига дунёнинг қолган мамлакатларидагига нисбатан беш баравар кўп ўлим тўғри келади. АҚШ ҳозирда ҳақиқий ва энг йирик "вирус манбаси"га айланганини ҳамма кўриб турибди”, — деди Хуа Чуньин.

Унинг қўшимча қилишича, айрим тадқиқотлар коронавирус Хитойдан аввал бошқа мамлакатларда тарқалганлигидан далолат бермоқда.

“Биз америкалик сиёсатчиларга фактлар ва фанга ҳурмат кўрсатишни ҳамда сиёсий ўйинлар билан шуғулланишни бас қилишни маслаҳат берамиз”, — деди Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп коронавирусни яна бир марта “Хитой вируси” деб атаганди.

Чоршанба куни АҚШда коронавирусдан ўлим кўрсаткичи бўйича рекорд қайд этилди. Бир кун давомида уч мингдан ортиқ киши вафот этди. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 15 млн нафардан ошди, 289 мингдан ортиқ инсон вафот этди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид