Ўзбекистон | 17:06 / 11.12.2020
6723
3 дақиқада ўқилади

Kun.uz'даги танқиддан сўнг Шаҳрисабздаги кўп қаватли уйнинг томи таъмирланди

2020 йил 5 декабрда Kun.uz сайтида «Шаҳрисабздаги кўп қаватли уйларга қачон эътибор берилади ёхуд тўрт қаватли уйда газбаллон ёқиш мумкинми?» сарлавҳаси билан мақола эълон қилинди. Унда Шаҳрисабз шаҳар Боғи баҳор маҳалласи, Фусункор кўчасида жойлашган 67-кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли дуч келаётган муаммолар ёритилган эди.

Шундан сўнг, Қашқадарё вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мақолада кўтарилган муаммоларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилганлиги ҳақида хабар берганди. Бугун мазкур бошқарма ахборот хизмати томонидан ишчи гуруҳ ўрганишлари натижаси маълум қилинди. Унда ёзилишича, Шаҳрисабздаги 67-кўп қаватли уйнинг томи янгилаб берилган. Мазкур уйга табиий газ тортиш масаласи мутасаддилар билан кўриб чиқилмоқда.

«Ишчи гуруҳ ўрганишларида Шаҳрисабз шаҳар Боғи баҳор маҳалласи, Фусункор кўчасида жойлашган 67-кўп қаватли уйнинг канализация тизими мулкдорлар томонидан уч ой олдин таъмирланганлиги, бугунги кунда ҳеч қандай носозликлар мавжуд эмаслиги, ертўла қисми тоза ва қуруқ эканлиги, аммо том қисми таъмирга муҳтожлиги аниқланди.

Қашқадарё вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан таъмирлаш учун 120 дона шифер ажратилиб, том қисми таъмирланди. Мазкур кўп қаватли уйда яшовчи аҳолининг табиий газ ва электр энергияси таъминоти масаласидаги муаммоларини ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар томонидан ишлар давом эттирилмоқда», — дейилади, Қашқадарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати тарқатган хабарда.

P.S. Қашқадарё вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси тақдим этган маълумотларни текшириш учун мурожаатчилар билан боғландик. Уларнинг маълум қилишича ҳақиқатдан тегишли соҳа вакиллари томнинг чакка томиб турган жойларини таъмирлаб беришган. Шунингдек, шаҳар ҳокимининг ўзи келиб ҳолатни назоратига олган ва тегишли мутасаддиларга 67-кўп қаватли уйда яшовчилар учун кўмир ва газбаллонларни вақтида етказиш топшириғини берган. Бундан ташқари, мазкур уйни 2021 йил дастурига киритиб, кунлар исиши билан капитал таъмирлаш, уй атрофини ободонлаштириб, болалар майдончаси ташкил этиш ҳақида кўрсатма берган.

Мавзуга оид