Кўчмас мулк | 22:00
6273
5 дақиқада ўқилади

Нега СССР пайтида кўп қаватли уйлар асосан 5 ёки 9 қаватли қилиб қурилган?

Совет даврида қурилган кўп қаватли уйларга эътибор берсангиз, ғалати бир қонуниятни кўрасиз: аксарият бинолар ё 4-5 қаватли, ёки 9 қаватли қилиб қурилган. Шаҳарларда 6 ёки 8 қаватли уйларни учратиш деярли имконсиз. Бу фақат Ўзбекистонда эмас, балки постсовет мамлакатларининг аксариятида кенг тарқалган ҳолат. Нега совет меъморлари шу рақамларга ёпишиб олган? Бу тасодифми ёки қатъий иқтисодий ҳисоб-китоблар билан боғлиқми?  

Ҳашаматдан оддийликка ўтиш

5 ва 9 қаватли уйлар қурилишининг оммавийлашиши ўтган асрнинг 50 йилларига бориб тақалади. Бу даврга келиб мамлакатда мисли кўрилмаган уй-жой танқислиги юз беради. Саноатлашув фонида шаҳарларга аҳолининг ёпирилиб келиши натижасида миллионлаб одамлар ертўлалар ва зич коммунал квартираларда яшашга мажбур бўла бошлайди. Бунга қадар меъморчиликда асосан «Сталин ампири» деб номланган услуб ҳукмрон эди. «Сталинка»лар ғиштдан қурилар, шифтлари баланд ва хоналари кенг бўлиб, бундай уйларни қуриш жуда секин ва ўта қиммат бўлган. Никита Хрушчёв ҳокимиятга келгач, у қимматбаҳо ва ҳашаматли архитектурадан воз кечиб, максимал даражада арзонлаштирилган, тез битадиган панел уйлар қурилишини бошлаб беради.

Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, капиталистик давлатлардан фарқли ўлароқ, СССРда ернинг бозор нархи йўқ эди. Шу сабабли қурувчиларда қимматбаҳо жойдан олинган ерни оқлаш учун осмонўпар бинолар қуришга иқтисодий рағбат ҳам бўлмаган. Натижада шаҳарлар тепага эмас, балки энига — 4 ва 5 қаватли массивлар шаклида кенгая бошлайди.

Нега айнан беш қават?

Совет давлатида амал қилган қурилиш меъёрларига кўра, бино баландлиги маълум бир нуқтадан ошса, унда мажбурий равишда лифт ўрнатилиши керак эди. Шифокорлар хулосасига кўра, соғлом инсон учун ҳар куни бир неча бор бешинчи қаватга кўтарилиш оғирлик қилмайди, аммо олтинчи қаватга тушиб-чиқиш жисмоний зўриқишга олиб келади. Шу сабабли лифт ўрнатиш шарт бўлмаган максимал баландлик — 5 қават этиб белгиланди. Агар бино 6 қаватли қилиб қурилса, унга қимматбаҳо лифт ускунаси ўрнатиш, лифт шахтаси учун жой ажратиш ва уни техник назорат қилишга қўшимча харажат талаб этиларди. Бутун Иттифоқ бўйлаб ўн минглаб уйларни лифтлар билан таъминлаш имконсиз бўлган. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, 6 қаватли уйнинг квадрат метр нархи 5 қаватли уйга қараганда анча қимматга туша бошлайди. Шу сабабли СССР шаҳарларида 4 ёки 5 қаватли уйлар оммавий равишда қурилади.

Нима учун 9 қават?

1970 йилларга келиб, шаҳарлар кенгая бошлайди ва энди ер танқислиги муаммоси ҳам пайдо бўлади. Натижада уйларни 5 қават қилиб қуриш етарли бўлмай қолди. Агар лифт ўрнатиш учун катта харажат талаб қилинаётган бўлса, бу харажатни иложи борича кўпроқ хонадонларга «бўлиб юбориш» билан ҳал қилиш мумкин-ку, тўғрими? Шу жиҳатдан бино баландлигини то бошқа бир хавфсизлик чегарасига қадар ошириш бошланади. Шаҳар аҳолисининг зичлиги ортиши фонида «брежневка» деб номланган янги 9 қаватли турар жойлар қурилиши бошланади.

Совет қурилиш стандартларига кўра, агар бинонинг баландлиги 10 қават ва ундан юқори бўлса, мажбурий тартибда камида иккита лифт: бири йўловчилар учун, иккинчиси эса мебел ёки тиббиёт замбиллари учун мўлжалланган юк лифти ўрнатилиши шарт эди. Бу яна тепадаги мантиққа бориб тақаларди: шунчаки битта ўнинчи қаватни қўшиш учун иккинчи катта юк лифтини сотиб олиш ва унга шахта қуриш — молиявий жиҳатдан самарасиз дея баҳоланган. Шундай қилиб, 9 қават СССР архитектурасида мутлақ «олтин стандарт»га айланади.

Лифтдан ташқари, 10 ва ундан тепа қаватлар учун бошқа стандартлар ҳам бор эди. Ўша пайтда СССРда ўт ўчириш машиналарининг механик нарвонлари максимал 28 метрга етарди. Агар пойдевор баландлиги ва биринчи қават сатҳини ҳисобга олсак, бу айнан 9-қаватнинг деразасигача етадиган масофа ҳисобланади. Агар бино 10 қаватли бўлса, бу ерда албатта тутун кирмайдиган ёнғин зинапоялари ҳам бўлиши шарт бўлган.

Ўзбекистонда, айниқса Тошкентда, 5 қаватли уйларга нисбатан 4 қаватли уйлар кўпроқ. Бунинг сабаби – сейсмик хавфсизлик билан боғлиқ. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг, қурилиш нормалари янада қатъийлашади. Айрим ҳудудларда 5 қават ўрнига 4 қаватли уйлар қуриш хавфсизроқ деб ҳисобланган. Бу уйлар зилзила бардошлилиги бўйича синчиклаб текширилган ва мустаҳкамланган конструкцияга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳозирги кунда замонавий технологиялар ва техник имкониятларнинг каррасига яхшилангани ҳисобига Ўзбекистондаги янги турар жой мажмуаларининг баландлиги 16, 20 қават ва ҳатто 50 қаватдан ҳам ошиб кетди. Бироқ ўша эски 4, 5 ва 9 қаватли уйлар ҳали ҳам шаҳарларнинг асосий «скелети» бўлиб қоляпти.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид