19:00 / 12.12.2020
7696

Самарқанд давлат тиббиёт институтида соҳага ихтисослашган 27 та институтнинг иқтидорли талабалари аниқланди

11-12 декабр  кунлари Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларининг «Самарқанд – 2020» халқаро онлайн олимпиадаси ўтказилди.

Ҳозирги кунда истеъдодли талабаларни аниқлаш, уларнинг илмий ва амалий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, инновацион лойиҳаларга жалб этиб, потенциалларидан фойдаланишга катта аҳамият берилмоқда.

Халқаро талабалар онлайн олимпиадасида Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тиббиёт олийгоҳларидан жами 27 талабалар жамоаси, 2000 дан зиёд талаба қатнашди.

Олимпиада иштирокчи жамоаларнинг ижодий қутловидан бошланди, кейин ижодий чиқишлари ва ишларининг тақдимоти ўтказилди. Халқаро онлайн олимпиаданинг асосий иши турли мамлакатлар тиббиёт олий ўқув юртлари вакилларидан иборат бўлган шуъбаларда давом эттирилди.

Жамоалар томонидан тақдим қилинган ижодий иш ва маърузалар Жанубий Корея, Япония, Польша, Беларус, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ҳамда илмий-текшириш институтлари етакчи олимлари, профессор-ўқитувчиларидан ташкил топган ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Шуъбаларда тиббиёт фундаментал ва клиник фанлари, жумладан, одам анатомияси, нормал ва патологик анатомия, хирургия, болалар хирургияси, стоматология, болалар стоматологияси, юз-жағ стоматологияси, оториноларингология, акушерлик ва гинекология, суд тиббиёти, юқумли касалликлар, терапия, кардиология, травмотология ва ортопедия каби долзарб масалаларга бағишланган инновацион ишланмалар тақдим қилинди. Ишларни баҳолашда уларнинг назарий-фундаментал асослари, тақдимоти, амалий тиббиёт учун аҳамиятига катта эътибор берилди.

Талабалар халқаро онлайн олимпиадаси якунида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Халқаро онлайн олимпиадада олтита ғолиб ҳамда турли номинацияларда муваффақиятли иштирок этган жамоалар тақдирланди.

200 дан ортиқ талабаларнинг илмий иши ва тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган ижодий ишлари кўриб чиқилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти томонидан ўтказилган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларининг «Самарқанд – 2020» халқаро онлайн олимпиадаси республикамизда тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш сифатини янада ошириш, амалий соғлиқни сақлашнинг турли йўналишларига фундаментал илм-у фан янгиликларини жорий қилиш, дунёнинг етакчи тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

СамДТИ ахборот хизмати.

Top