Жамият | 15:41 / 28.01.2022
9433
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институти Туркия олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтиради

Самарқандда Ўзбекистон-Туркия олий таълим муассасалари ректорларининг учрашуви ўтказилди. Унда вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари ва Туркия Олий таълим кенгаши президенти ҳамда Туркиянинг 12 та олий ўқув юрти ректорлари иштирок этди.

Фото: СамДТИ

Ташриф давомида Туркия делегацияси Самарқанд давлат тиббиёт институтида ҳам бўлди. Туркия Олий таълим кенгаши президенти Erol Özvar бошчилигидаги меҳмонларни СамДТИ ректори Жасур Ризаев кутиб олиб, институт фаолияти билан таништирди.

Меҳмонлар СамДТИ педагогик жамоаси ва талаба-ёшлар учун яратилган шароитлар, хусусан, ўқув ва лаборатория хоналари, таълим жараёнлари билан танишишди. Ташриф давомида туркиялик меҳмонлар институт музейида бўлиб, фахрий меҳмонлар китобига эсдалик сўзларини қолдиришди.

"Самарқанд давлат тиббиёт институти ректорининг таклифига кўра, ушбу даргоҳдаги таълим жараёни ҳамда инфраструктура билан танишдик. Замонавий ўқув корпуси ва лабораториялар ташкил этилгани таҳсинга лойиқ.

Самарқанд Шарқ дурдонасидир ва бу ерда олий таълимни янада ривожлантириш мақсадида Туркия олий таълим тизимининг илғор тажрибасини трансфер қилиш учун қўлимиздан келган барча ишларни бажаришга тайёрмиз”, деди Туркия Олий таълим кенгаши президенти Erol Özvar.

Ташриф доирасида Самарқанд давлат тиббиёт институтининг навбатдан ташқари илмий кенгаши бўлиб ўтди ва кенгаш қарорига кўра, Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Cevdet Erdolга СамДТИ фахрий профессори унвони топширилди. Профессор Cevdet Erdol институт раҳбарияти ва бутун жамоага миннатдорчилик билдириб, ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Туркиялик меҳмонлар ушбу учрашув тарихий аҳамиятга эга эканлигини эътироф этишди.

Эслатиб ўтиш жоиз, Самарқанд давлат тиббиёт институти Соғлиқ билимлари университети билан академик мобиллик бўйича юздан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2021 йил СамДТИнинг элликдан ортиқ профессор-ўқитувчилари ҳамкор университетларда малака оширишди. Шунингдек, жорий йилнинг 18 январ куни Самарқанд давлат тиббиёт институти Туркиянинг “MILCARE” компанияси билан институт клиникаларида жигар трансплантацияси операцияларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзолади. Бундан ташқари, СамДТИ Истанбул маданият университети, “MosLab” тиббиёт инновацион компанияси, Туркиянинг Аcibadem тиббиёт маркази, “Yuma Medikal” компанияси билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

СамДТИ матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид