09:00 / 19.10.2021
14000

Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли биноси фойдаланишга топширилди

18 октябр – Самарқанд шаҳри кунида Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда шаҳар жамоатчилиги, институт профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар қатнашди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, мазкур объектнинг қурилиши 2017 йилда бошланган бўлиб, қисқа муддатларда қуриб битказилди. Бинода 12 та кафедра, 200 дан ортиқ ўқув хоналари, 15 та лаборатория хоналари мавжуд. Барча хоналар замонавий мультимедия ва IT технологиялар, интерактив доска, охирги русумдаги лаборатор ускуналар ва планшет мониторлар билан жиҳозланди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

“Бугун бевосита мамлакатимизда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасига берилаётган эътибор натижасини кўриб турибмиз. Мана, институтимизнинг асосий ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур бинода яратилган қулайликлар бизга халқаро рақобатга бардош бера оладиган мутахассисларни тайёрлашимизда замин яратади.

Биз жорий йилдан бошлаб янги – беш кунлик ўқув тизимига ўтдик. Яъни талабаларимиз беш кун дарс жадвали бўйича ўқув жараёнида қатнашишса, олтинчи куни мустақил тайёрланиш куни ҳисобланади. Профессор-ўқитувчиларимиз учун эса методологик кун, деб эълон қилинди. Демак, энди талаба ва ўқитувчиларимиз дарсдан бўш кунларида илм билан шуғулланишади, ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлашади. Қолаверса, элликдан ортиқ кафедраларимиз қошидаги тўгараклар фаолияти янада жонланади.

Бугун олий таълим кенг ислоҳ қилиняпти. Хусусан, мамлакатимизда олий таълимга қамров 9 фоиздан 25-30 фоизга кўтарилди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич эллик фоизгача кўтарилиши кутиляпти. Бу бевосита институтимизга ҳам таъсир қилди. Масалан, тўрт йил аввал тўрт минг нафар талабалар таҳсил олган бўлса, бугунга келиб талабалар сони қарийб саккиз мингга яқинлашди.

Айтиш мумкинки, янги топширилган бино институт эҳтиёжининг бир қисмини қоплайди. Институтнинг аксарият кафедралари Самарқанд шаҳридаги тиббий профилактика муассасаларида жойлашган бўлиб, бу бўлажак шифокорларимизнинг бевосита амалиёт олиб бориши учун қулайлик яратади”, дейди институт ректори, профессор Жасур Ризаев.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Бир вақтнинг ўзида бинода 800 нафар талаба амалиёт ўташи, маърузаларда қатнашиши мумкин. Талабаларга қулайлик яратиш мақсадида бино Wi-Fi билан таъминланди. Шунингдек, кутубхона, компьютер хоналари ва ошхона мавжуд.

Айни вақтда Самарқанд давлат тиббиёт институтида 600 дан ортиқ хориж талабалари ҳам таҳсил олмоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати Ⓣ

Top