01:32 / 15.12.2020
15148

Мактабларда янги йил нишонланмайди. Халқ таълими вазирлиги изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Халқ таълими вазирлиги янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ чекловлар юзасидан изоҳ берди.

«Халқ таълими вазирлиги янги йил байрамини нишонлаш билан боғлиқ чекловлар пандемия шароитида болалар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш, мактабларда ота-оналардан турли ноқонуний пул йиғимларининг олдини олиш мақсадида жорий этилаётганини маълум қилади.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари иштирокида ёпиқ биноларда турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш Республика махсус комиссиясининг қарори билан эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳам тақиқланади.

Мактаб фойеси ва синф хоналарини ўқувчиларнинг қўллари билан ясалган безаклардан ташқари, сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш билан боғлиқ чекловлар ёнғин юзага келиш хавфининг олдини олишни кўзда тутади.

Болалар билан янги йил байрами тадбирларини Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Болажон» ва «Ёшлар» телеканаллари орқали ташкил этиладиган янги йил телемарафонини томоша қилиш ҳамда оила даврасида ўтказиш тавсия этилади.

Болалар хавфсизлиги ва саломатлиги барча нарсадан устун!» – дейилади вазирлик ахборотида.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги йил тадбирлари ва коронавирус бўйича огоҳлантириш билан чиққан эди.

Top