Ўзбекистон | 12:11 / 15.12.2020
6543
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон инсон камолоти индексида 106-ўринни эгаллади

Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан «Кейинги чегара – инсон камолоти ва антропоцен 1» деб номланган 2020 йилги инсон камолоти ҳисоботининг навбатдаги нашри тақдим этилди. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, инсон камолоти тўғрисидаги ушбу ҳисобот БМТТД томонидан 1990 йилдан бошлаб нашр этиб келинаётган бўлиб, Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари 1993 йилдан буён қайд этиб келинмоқда.

Ҳисоботнинг инсон камолоти индекси инсон тараққиёти йўлида 3та асосий омиллар - узоқ ва соғлом ҳаёт кечириш, билим олиш ҳамда муносиб турмуш даражаси бўйича эълон қилинадиган статистик маълумотлар тўплами ҳисобланади.

Ўзбекистон жорий ҳисоботда дунёнинг 189 мамлакати ичида индекс қиймати 0,720 (максимал индекс қиймати 1,000) билан 106-ўринни эгаллаб, 2019 йилдаги ҳисобот натижаларига нисбатан икки ўринга кўтарилди. 

Ўзбекистоннинг натижалари қуйидагича:

аҳолининг туғилганда кутилаётган умр кўриш давомийлигини белгилайдиган индекс 71,7 йилни ташкил этади (+0,1 йил ўсиш);

таълим индексида таълимнинг ўртача давомийлиги 11,8 йил (+0,3 йил ижобий ўзгариш) ва кутилаётган таълим давомийлиги 12,1 йилни (+0,09 йил ижобий ўзгариш) ташкил этган;

харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига ЯМД миқдори 7142 долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 680 долларга ўсган.

Маълумот учун, инсон камолоти индексининг 2020 йилги ҳисоботида 2019 йил якунлари таҳлил қилинади.

Пандемияга қарши курашиш учун қабул қилинган чекловларга қарамай, жорий йил январ-сентябр ойларида мамлакатда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 0,4 фоизни ташкил этди. Бошқа ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга нисбатан ижобий ўсиш кузатилаётган бўлиб, йил якунига бориб иқтисодий ўсиш 1,4 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид