Ўзбекистон | 19:40 / 15.12.2020
1353
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда маданий мерос ҳафталиги ўз ишини бошлади

Ҳафталик «Ўзбекистон маданий бойлиги – янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV Халқаро конгресс, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 35та ноёб китоб-альбом тақдимоти ва бошқа тадбирларни ўз ичига олади.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. 15–18 декабр кунлари бўлиб ўтадиган ҳафталик мамлакат маданиятини ўрганиш, муҳофаза қилиш ва оммалаштиришга қаратилган қатор тадбирларни ўз ичига олади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ҳафталикни «Ўзбекистон маданий бойлиги – янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги IV Халқаро конгресси очиб берди.

Конгрессда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар, дунёнинг 40дан ортиқ мамлакатидан 300дан ортиқ илм-фан вакиллари, мингга яқин маҳаллий олимлар иштирок этишмоқда.

Тадбирни очиб берган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқовга кўра, конгресс учун маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан 60га яқин маърузалар келиб тушган.

Фирдавс Абдухолиқов

«Уларда Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг дунё цивилизацияси ривожидаги улкан роли очиб берилган тадқиқот ва таҳлиллар акс эттирилгани билан аҳамиятлидир», деди Абдухолиқов.

Конгресс доирасида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 35та ноёб китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтмоқда.

Мазкур китобларда Чехия, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Италия, Туркия, Польша, Буюк Британия, Япония музейларида ва шахсий коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистонга оид санъат асарлари ҳақидаги маълумотлар жамланган.

 «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» кўп серияли китоб-альбомлар 10 мингдан ортиқ нусхада нашр этилиб, мамлакатдаги барча мактаблар, таълим даргоҳлари ва кутубхоналарга етказилган.

«Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоғига айланган туризм, айниқса, халқаро туризм маданий мероснинг қанчалар яхши ҳолатда сақланишига боғлиқ. Чунки чет эллик сайёҳ айнан тарихимиз ва маданий меросимиз учун бу ерга келади. Сўнгги йилларда маданий мерос муҳофазаси учун кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Аммо булар ҳали етарли эмас», деди бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Азиз Абдуҳакимов

Конгресс кун тартибига кўра, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича 2025 йилгача олиб бориладиган ишларнинг йўл харитаси тасдиқланиши кутилмоқда.

Тўрт кун давом этадиган ҳафталик доирасида маданий меросни асраш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганишга қаратилган юқори даражадаги муҳокамалар, «Ўзбекистон кинематографиясининг ўтмиши, бугуни ва эртаси» тадбири, ёш дизайнерлар танлови, миллий либослар намойиши каби тадбирлар ўтказилиши белгиланган.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид