Ўзбекистон | 10:21 / 19.12.2020
93399
2 дақиқада ўқилади

Журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олинди

Журналист Абдукарим Мирзаев 11 декабр куни турк полицияси томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Газета.uz’нинг Туркияда бўлиб турган мухбири хабар қилди.

Қайд этилишича, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаевни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлаган.

Хабарда айтилишича, 10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси ҳарбий либосдаги тўрт киши, шунингдек, фуқаро кийимидаги шахслар Абдукарим Мирзаевнинг уйига келиб, тинтув ўтказган. Сўнг улар ҳужжатларни расмийлаштириб, журналистни олиб кетишган.

Маълум қилинишича, Абдукарим Мирзаевни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарилган. У Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборилган. 

«Айни вақтда депортация тўғрисидаги қарорни бекор қилиш, кузатувни тўхтатиш тўғрисидаги даъво тайёрланмоқда», - дейилади маълумотда.

Ўзбекистон расмий идоралари ҳолат юзасидан ҳозирча баёнот бергани йўқ. 

Аввалроқ «Ziyouz» портали асосчиси Давронбек Тожиалиев Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилингани маълум бўлганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид