08:32 / 19.12.2020
4412

Ўсимликлар карантини бўйича илмий марказнинг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ва унинг минтақавий филиаллари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma хабарига кўра, президентнинг «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси тизимидаги Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида ташкил этилган.
 
Тошкент давлат аграр университетининг Термиз, Нукус, Самарқанд филиалларида ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида замонавий лабораториялар билан жиҳозланган марказнинг минтақавий филиаллари ташкил этилган.
 
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот марказининг тузилмаси;
  • марказ минтақавий филиалларининг намунавий тузилмаси;
  • марказнинг устави.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • республика ҳудудида катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг фитосанитар хавфи таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар ишлаб чиқиш;
  • карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш дастурларини ишлаб чиқиш;
  • карантин объектлари ва ўсимликларнинг бошқа хавфли зарарли организмларини аниқлаш ва уларнинг диагностикасининг экспресс-усулларини ҳамда уларга қарши курашишнинг услубларини ишлаб чиқиш;
  • зарарли организмларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини илмий жиҳатдан ўрганиш ва янги турдаги энтомофагларни иқлимлаштириш;
  • инспекция ходимларига, тадбиркорлик субъектларининг агроном ҳамда энтомологларига билим бериш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш.

Марказ «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти биносида қуйидаги манзил бўйича жойлашган: Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Бобур кўчаси, 4-уй.
 
Ҳужжат 7.12.2020 йилдан кучга кирди.

Top