Ўзбекистон | 18:05 / 24.12.2020
6798
3 дақиқада ўқилади

ИИВ марказий поликлиникасида 226 нафар кўнгилли Хитой вакцинаси билан эмланди

Тошкент шаҳридаги 3та поликлиникада кўнгиллиларни Covid-19’га қарши вакцина билан эмлаш бошланди. Бу 3-босқич клиник синовлар бўлиб, Хитойда ишлаб чиқарилган рекомбинант вакцинани 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган кўнгиллилар қабул қилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги марказий поликлиникаси шифокори, инфекционист Соҳиба Утигенованинг Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, айни пайтгача эмланганлар орасида ножўя таъсирлар аниқланмаган.

«Бизнинг поликлиникада ҳозиргача 226 нафар кўнгилли вакцинанинг биринчи босқичини қабул қилди. Айни пайтгача ножўя таъсирлар кўрмадик. Вакцина билан 5000 нафар кўнгилли эмланиши режалаштирилган. 2500 киши ҳақиқий вакцина, қолган 2500 киши эса плацебо қабул қилади. Лекин фарқини биз ҳам, биз билан бирга вакцинация жараёнида иштирок этаётган хитойлик олимлар ҳам билмайди.

Кўнгилли уч марта эмланади. Бу ҳар ойда бир мартадан амалга оширилади. Уларга ўз ҳолатини ёзиш учун кундалик берамиз. Тана ҳарорати кўтарилдими, вакцина қилинган жойда қизаришлар борми, ҳар битта ҳолатини ёзиб боради», — деди шифокор.

Кўнгилли сифатида эмланган Хуршид Носиров вакцина қабул қилгач, ёмон аломатлар сезмаётганини билдирди.

«Вакцина тўғрисида Инновация вазирлигида ишлаганим учун тўғридан тўғри хабардор бўлдим. Ва уни кўнгилли сифатида қабул қилишга қарор қилдим. Бу жараёнларни бошдан кечираётганда, рўйхатдан ва кўрикдан ўтишда шифокорларнинг ўз ишларига масъулият билан ёндашаётгани ўзимдаги ишончни янаям оширди.

Бугун биринчи дозани олдим. Ҳар бир белгиларини бирма-бир кўриб, суҳбатлашиб текширишди. Ҳозирча ҳеч қандай ёмон аломат сезилмади. Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Қўрқиш йўқ, ҳаммаси яхши», — деди у.

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова вакцина талабларига жавоб берадиган кўнгиллиларни танлаб олиш жараёни давом этаётганини маълум қилди. Келишув шартларга кўра, иштирокчиларни моддий ва тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам назарда тутилмоқда.

«Айни пайтда кўнгиллиларни танлаб олиш жараёни давом этяпти. Агар Ўзбекистон фуқароларидан кимдир Covid-19 инфекциясига қарши курашга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлса, Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий сайтига кириб вакцина деган тугмани босган ҳолда сўровномани тўлдириши керак бўлади. Кўнгиллилар вакцинация жараёнига таклиф қилинганда, аввало, улар тиббий кўрикдан ўтказилади.

Кўнгиллиларнинг ҳар бири тиббий суғурталанади. Агарда қандайдир ножўя аломатлар пайдо бўлса ёки касаллик ҳолатлари юзага келса, уларга бепул тиббий ёрдам кўрсатилади», — деди вазирлик вакили.

Маълум қилинишича, умумий синов жараёни 14 ой давом этади. Мазкур давр мобайнида ҳар бир кўнгилли 10 марта клиникага келиб тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлади.

Тадқиқотда иштирок этиш ёки этмаслик тўлақонли ихтиёрий. Синов даври мобайнида кўнгиллилар уни давом эттиришга ҳам мажбурланмайди.

Мавзуга оид