Жамият | 17:49 / 28.12.2020
8196
7 дақиқада ўқилади

Ёш шоирлар ўртасидаги «Дуэл» лойиҳасида ғолиб аниқланди  

26 декабр куни Ёшлар пресс клуби биносида ўзбекистонлик ёш шоирлар танлови – «Дуэл» лойиҳасининг яримфинал ва финал босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Лойиҳанинг ушбу босқичида саралаш ва чоракфиналда рақибларидан устун келган 4 нафар ёш шоир: Гулҳаё Анорова, Феруза Хайруллаева, Суҳроб Зиё ва Жонтемир Тоштемиров беллашган.

«Иккинчи бор ўтказилган бу лойиҳада 30 ёшгача бўлган ва махсус комиссия аъзолари саралаб олган 16 нафар истеъдодли ижодкор қатнашди. Уларнинг ижодий ишларини эса таниқли ижодкорлар: Азиз Саид ва Эшқобил Шукур баҳолаб борди.

Рости, «Дуэл»ни бошлаётганимизда унга мухлис йиға олармиканмиз, қизиқиш қандай бўларкин, деган хавотирлар ҳам бор эди.

Кеча чин шеърият учун, азалдан адабий диди баланд бўлган, аммо ўртадаги бўшлиқ туфайли буни бироз унутган одамларимиз учун қувондим. Ўқувчи соғинган адабиёт, шеърият янгиланиб, яшариб қайтаётганини қайсидир маънода исботлай олдик.

Зўрлар юзага чиқса, хушомадни эмас, адолатни танласаккина, давлат, жамият, шахс ўлароқ ўсишимиз, унишимиз мумкинлигини тобора англаб боряпман», – дейди лойиҳа ташкилотчиси – «Ёш ижодкорлар» кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова.

Ўтказилган яримфинал баҳсидан кейин Феруза Хайруллаева ва Жонтемир Тоштемиров «Дуэл»нинг финал босқичига йўл олган. Уларнинг ўзаро беллашувида эса Жонтемир Тоштемиров ғолиб деб топилган.

Лойиҳа якунида иштирокчи ва ғолиб ижодкорлар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва «Ёшлик» адабий журнали таҳририяти томонидан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Кенгаш раисига кўра, шу каби танловлар келгусида носирлар, рассомлар, фотограф ва таржимонлар ўртасида ҳам давом эттирилади.

Қуйида яримфинал ва финал босқичида ўқилган шеърлардан намуналар билан танишишингиз мумкин.

Суҳроб Зиё:

Ўтиш ялласи

Мардлар қадри бунча хор ўтар,
Боши узра чилвир дор ўтар.
Ётга ялов бўлган безотлар
Қилмишидан нолиб ор ўтар.

Ялло қилар ҳаёсиз зоғлар,
Кўзларини юмиб сор ўтар.
Ишончлари қартайган авлод
Дилларидан Биру Бор ўтар.

Шамол олиб ўтар хасларни,
Шароб олиб ўтар мастларни,
Эътиқоди майиб касларнинг
Кўзларига олам тор ўтар.

Ҳар лаҳза бир мозор ўтади,
Ҳар лаҳза минг баҳор ўтади,
Мен ўтаман куйиб, куйиниб,
Бир соҳир сўз нигор ўтади,

Қўшиқ ўтар бўғизни ўртаб,
Сими куйган сетор ўтади.
Ким кимдандир безор ўтади,
Ким кимгадир интизор ўтар.

Вужудимни ситиб жон ўтар,
Изларимни қувиб шон ўтар,
Изтироблар қуюқлаштирган
Томиримда қизил қон ўтар.

Бу жонимга омонлик тилаб
Бошимда бир меҳрибон ўтар...

Қовоқлардан ёғиб қор ўтар,
Синовлари ситамкор ўтар,
Кўнгиллардан бор ғубор ўтар,
Нигоҳларга ихтиёр ўтар.

Самоларга йўл тополмасдан
Бу қанотсиз қушлар зор ўтар.
Ситамларин санаб ўтгайман,
Қадамларин санаб ёр ўтар...

Мен дунёдан бир бор ўтгунча
Дунё мендан неча бор ўтар?

Гулҳаё Анорова

Дарахт япроқлардан қайтмиш сўнгги бор
Алданиб шамолнинг алқовларига.
Хазонрез елвагай қўнар боғларнинг
Селгиб улгурмаган ҳалқобларига.

Пешонамдан ўтган узун йўлларнинг
Кафтим- ла сидирдим ёмғирларини.
О, кимга ишонсин нураган дунё
Мангу дарахтларнинг томирларини?

Ситилиб бормоқда руҳим қатидан
Илдизин йўқотган зангори олам.
Ёдингни ўртарми бир ишққа ташна
Кўнгил тарафларда тентиган одам?

Ҳа, менман. Ўзанин билмаган мавжман -
Кетмоққа имкон йўқ, қайтмоққа ҳожат.
Сенмидинг кўзларим қирғоқларидан
Қачондир сирғалиб кетган муножот.

Дарахт япроқлардан қайтмиш сўнгги бор...

Феруза Хайруллаева:

Бродвей хаёллари

Бродвей, сайр.
Заминга нур кўмилган палла.
Мусиқа, мусиқа сеҳри
Ва кўзларингга кириб бормаган севги...

Оламон, оламон аро яккалик,
Мени олиб кетар эркнинг истаги-
Велик.
Ғирромлик қилар у ҳам тақдир сингари-
Йиқилиб тушаман! Ҳеч ким кўрмайди-
Баъзан ёлғизлик ҳам байрам!

Мусиқа таралар яна
Бу гал баралла.
Дарахт шохларида турган қушлар-
ноталар.
Табиат куй чалар!
Бир дам тутиб кетар фазони
Юзлаб ноталарнинг парвози...

Бродвей. Бунда санъат топилар,
Бунда санъат сотилар,
Баъзан одамлар эҳсон қилиб ўтишар
Дидлари каби майда чақаларини.

Бунда чироқлар
ёритмоқчи бўлар
Қорайган кунни.
Дарахтнинг шохлари титрар
текканида шамолнинг лаби.
Мен эса хаёлчан қаҳва ичаман,
Аччиқ қаҳва,
худди ҳижронинг каби!

Мен кезиб юраман
товушлар аро
Соғинчнинг кўринмас пардаларида.
Кўзларингдан то мен қадар
чўзилган масофа
тобора олислашиб борар
капалакнинг қанотларида.

Қаҳва тугар,
нур ҳам йўқолар,
Мусиқачин ҳайдаб солар тун.
(Оғриқларга тўлади ичим)
Мен кетаман, Бродвей қолар
Фақат ортимдан эргашар
Қошларингдек қуюқ

соғинчинг...

Жонтемир

«ЖЎРАМ»

Бобо… Йўқ. Бу сўз ғализ!
Дўст. Ўртоқ. Жўра…
Ҳа, ҳа, ахир, сен энг яқин жўрам эдинг-ку!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…
Жўралар эса бир-бирларини сизлашмайди.
Қара,
Худди сенга ўхшаб ўсдим —
Ғирт дайди.
На маконим бор
На манзил тайин,
Дийдам тош қотгану
Юрагим майин.
Биласанми,
Худога яқинлашяпман
Сени ўйлаган сайин…

Борингда беркитиб чекардим,
Энди… Энди эркинман!
Етар шунча эркалатганинг,
Ҳеч йўқ
Тушларимдан беркинма.

Айтганингдек
Калапўшингдан тор экан дунё,
Чопонинг баридек кенг экан дунё.
Бир чақага арзимас, гоҳо
Минг тиллога тенг экан дунё.
Мен буни кеч англадим,
Билсамда парво қилмасдимми ё?!

Кетганингдан бери:
Майсалар сир айтмай қўйишди менга,
Суҳбатига қўшмайдиган бўлди дарахтлар.
Ён-веримда қора-қизғиш кийинган
Шарпалар юрибди ҳушни карахтлаб.
Ортиқ ёзолмасам керак
Қўрқаман.
Ёзсамда алмойи-жалмойи чиқар.
Англаганим мени сўз туққан,
Тиқса ҳам ўша сўз тупроққа тиқар.

Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…
Келажак кунларим — маҳбусларга боқ,
Кулдонга босилган афсусларга боқ…
Нафсини қул этган Машрабим, Тўрам!
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Шиша синиғидек ботар бўғзимга,
Сенсиз ютилётган бир бурда оқ нон.
Хаёлимда жаннат — боғ, зимдан
Мени кузатяпсан қўлингда қоқ нон.

Силкиниб-силкиниб тушяпти елкам,
Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…

Ичимда ҳайқириқ,
Кўзимда вулқон!
Ичаман барини унутмоқ бўлиб,

Жомдаги май эмас,

УЛ ҚОН!
(юрак ҳам бормоқда нураб)
Ва сени чорлайман-
Айқири-иб,
Айқири-иб,
«Тепакал жўрам-а…
Соқолли жўрам…»

Мавзуга оид