Жаҳон | 12:02 / 04.01.2021
7887
2 дақиқада ўқилади

Сербия президенти ортидан бир неча ой яширинча тинглов олиб борилган  

Фото: РИА Новости

Сербия президенти Александр Вучич ортидан кўп ойлар давомида яширинча тинглов олиб борилган. Мамлакат махсус хизматлари ушбу ҳолат юзасидан тергов бошлаган.

Сербия ички ишлар вазири Александр Вулин ушбу иш тафсилотларини ошкор қила олмаслигини, бироқ президент ортидан тинглов ёвуз мақсадда олиб борилганини маълум қилган. 

Унинг таъкидлашича, президент мутасадди хизматлардан ўз ортидан тинглов олиб борилаётгани ҳақида ахборот олган.   

“Президент Вучич мафияга қарши кураш эълон қилганди ва у олиб борилмоқда”, деб маълум қилган Вулин.

Вазирнинг таъкидлашича, Сербияда черногориялик мафиозлар қўлга олингандан кейин президент хавф остида қолмоқда.

Сербия президентининг айтишича, унинг ортидан 18 ой тинглов олиб борилган ва унга буни ким қилгани аён. Вучич унда бунинг исботи, яъни ўз суҳбатларининг аудиоёзувлари борлигини қўшимча қилган. 

Маҳаллий нашрлардан бирининг маълум қилишича, мамлакат раҳбари ортидан тинглангани ҳақидаги иш сир сақланмоқда, ишни ички ишлар вазирлигининг ички назорат сектори олиб бормоқда. 

Таъкидланишича, ушбу ҳолат конституциявий тузумни ағдаришга уриниш ҳақидаги модда бўйича оғир жиноят сифатида тергов қилинмоқда.

Мавзуга оид