Ўзбекистон | 15:51 / 05.01.2021
9803
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон фуқароларининг Россияга индивидуал тарзда киришига ҳали рухсат йўқ» — Миграция агентлиги

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонлик фуқароларни Россия Федерациясига киритиб қўйиш ваъдаси билан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган эълонлар юзасидан яна бир бор огоҳликка чақирди.

Фото: tvsamara.ru

Агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норовнинг таъкидлашича, пандемия сабабли ўтган йилнинг март–апрел ойларидан бошлаб халқаро қатновлар, шу жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам авиақатновларга киритилган чекловлар ҳамон амалда.

Бу эса ўзбекистонлик фуқароларнинг айни пайтда Россияга индивидуал тарзда киролмаслигини англатади.

«Афсуски, вазиятдан фойдаланиб, айрим шахслар томонидан фуқароларни турли асоссиз хабарлар билан чалғитиш ва фирибгарлик орқали пул топишга уриниш ҳолатлари юз бермоқда.

Шу ўринда юртдошларимиздан Россия федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз.

Турли сохта ҳужжатлар билан чегараларни кесиб ўтишга уриниш Ўзбекистон ва Россия қонунларига кўра жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишлари ва иш берувчиларнинг танловларидан ўтган тақдирда ташкиллаштирилган ҳолда ушбу мамлакатга ишга кетишлари мумкин», – дея маълум қилди матбуот котиби.

Норовнинг қўшимча қилишича, айни пайтда агентлик пандемия даврида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга жалб қилиш мақсадида хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлари билан музокаралар ўтказмоқда.

«Бу орқали Россиянинг 30 та, Қозоғистоннинг 52 та, БААнинг 3 та, Туркиянинг 1 та ва Тожикистоннинг 2 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Бу шартномалар орқали 64 758та бўш иш ўринлари аниқланган.

Ўрнатилган карантин чекловлари ва тартибларига риоя этган ҳолда хорижий давлатларга ўрнатилган тартибда 9 мингдан ортиқ юртдошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тартибда ишга жўнатилган», – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги декабр ойида ҳам айни мавзудаги огоҳлантириш билан чиққан эди.

Мавзуга оид