20:42 / 06.01.2021
24147

Тошкентдаги янги «ВИП» аэропортнинг қурилишига 140 миллион доллар сарфланмоқда

2021 йилда «Тошкент-Шарқий» аэродромида янги фуқаро авиацияси аэропорт комплексининг 1-босқич қурилиш ишлари тугалланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 140 миллион долларга тенг.

Фото: Heerim Architects

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Тошкент-Шарқий» аэродроми ҳудудида замонавий фуқаро авиацияси аэропорт комплексининг 1-босқич қурилиш ишлари шу йилнинг якунига қадар амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида маълумот берилган.

Таъкидланишича, аэродром ҳудудидаги фуқаро авиацияси аэропорт комплекси соатига 250 нафар йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланган. Лойиҳанинг умумий қиймати 140 миллион доллар бўлиб, шунинг 40 миллион доллар қисми 2021 йилда ўзлаштирилади. Лойиҳанинг сўмдаги қиймати 436 миллиард бўлиб, шунинг 327 миллиард сўми Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси молияси, 109 миллиард сўм эса тижорат банклар кредити асосида шакллантирилган.

2018 йил май ойида «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (хизмат) авиацияси замонавий аэропорт мажмуасини қуриш» лойиҳаси ҳақида хабар берилганди. Ўшанда Мудофаа вазирлиги тасарруфида бўлган «Тошкент-Шарқий» аэродроми «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказилганди. Айни пайтда лойиҳа «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг биринчи босқичида учиш-қўниш чизиғи ва суткасига 6 минг йўловчини ўтказиш имкониятига эга бўлган терминал барпо этиш режалаштирилган. Барча қурилиш ишлари 2018-2020 йилларда давом этиши назарда тутилганди. 

Таъкидланишича, «Тошкент-Шарқий» янги қуриладиган авиация мажмуасида олий даражадаги хорижий делегацияларни кутиб олиш ва кузатишни ташкил этиш учун зарур шарт-шароит яратилади.  

Top