19:24 / 12.01.2021
3396

2020 йилда 8310 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган – ИИВ

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшодбек Муродбековнинг айтишича, 2020 йилда 8310 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилган.

«2020 йилда Ўзбекистон президентининг 17 та фармонига асосан 8310 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди ва 141 нафар фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ҳақидаги илтимосномалари қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси президентининг 72 та фармонига асосан жами 18631 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Жумладан, 2016 йил 179 нафар, 2017 йилда 1064 нафар, 2018 йилда 2760 нафар, 2019 йилда 6318 нафар шахсга Ўзбекистон фуқаролиги тақдим этилган.

Кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, йилдан йилга фуқароликка қабул қилинаётганларнинг сони ошиб бормоқда. 1992 йилдан 2016 йилга қадар республика бўйича жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган», — деб айтган Дилшодбек Муродбеков 12 январ куни AОКAда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Аввалроқ ИИВ Фуқароликни расмийлаштириш ва миграция бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Муҳаммедов 2020 йилда президентнинг 16 та фармонига асосан 7419 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганини билдирган эди.

Президент томонидан 2020 йил 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонунга билан 1995 йилгача республикага кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан тўғри бериш тартиби белгиланган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабр куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида мамлакатимизга 2005 йилгача кўчиб келиб, 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби жорий қилиниши, бунинг натижасида 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш имкониятига эга бўлишини маълум қилганди.

Top