21:11 / 12.01.2021
13102

АҚШда «Трампнинг ҳамёни» деб аталган миллиардер вафот этди

Фото: Patrick Semansky / AP

АҚШда Лас-Вегас, Макао ва Сингапурда казиноларга эгалик қилувчи Las Vegas Sands компанияси асосчиси, миллиардер Шелдон Аделсон 87 ёшида вафот этди. Компанияда таъкидланишича, миллиардернинг вафотига неходжкин лимфомаси деб аталувчи саратон касаллигини даволаш билан боғлиқ асоратлар сабаб бўлган.

“Бизнинг асосчи ва узоқни кўрувчи етакчимиз Шелдон Аделсон неходжкин лимфомасини даволаш билан боғлиқ асоратлардан 87 ёшида вафот этди. Муҳожирлар оиласида туғилган ва Бостоннинг камбағал туманида улғайган мистер Аделсон кўча бурчагида газета сотган ўсмирдан дунёдаги энг муваффақиятли тадбиркоргача бўлган йўлни босиб ўтган”, дейилган компания хабарида.

Марҳумнинг рафиқаси Мириам Аделсон турмуш ўртоғи “узоқ давом этган касаллик асоратидан” вафот этганини тасдиқлаган.

Las Vegas Review Journal нашрининг хабар беришича, Аделсон 2019 йилдан бери ушбу касалликдан азият чеккан. Таъкидланишича, миллиардер рафиқасининг ватани Исроилда дафн этилади.  

Forbes бўйича бойлиги 35 млрд долларга баҳоланган миллиардер АҚШ  Республикачилар партиясининг йирик ҳомийларидан ва Доналд Трампнинг энг нуфузли тарафдорларидан бири бўлган. 2016 йилги сайлов кампанияси вақтида Аделсонни “Трампнинг ҳамёни” деб аташган.

Fox News нашрининг таъкидлашича, 2020 йилги сайлов кампанияси давомида Трампнинг “содиқ ва узоқ йиллик тарафдори” бўлган Аделсон республикачиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳаммадан кўпроқ маблағ – 430 млн доллар сарфлаган. 

Ўз сайлов кампанияси вақтида Аделсоннинг молиявий кўмагидан фойдаланган Кичик Жорж Буш марҳум бизнесменни “америкалик ватанпарвар, саховатпеша ва Исроилнинг журъатли тарафдори” деб атаган.

Top