Фан-техника | 21:53 / 18.01.2021
5110
2 дақиқада ўқилади

Fiat Chrysler ва Peugeot автокомпаниялари бирлашди

Фото: Picture Alliance

Италия-АҚШ автоконцерни Fiat Chrysler Automobiles NV (FCA) ҳамда Peugeot ва Citroen автомобилларини ишлаб чиқарувчи PSA Group француз компанияси бирлашиш бўйича битимни ёпишди. Натижада дунёдаги энг йирик автомобил компанияларидан бири Stellantis NV вужудга келди.

Янги компаниянинг акциялари Париж ва Миланда 18 январдан, Ню-Йоркда 19 январдан бошлаб сотилади.  

2019 йил маълумотларига кўра, компания дунёда савдо ҳажми бўйича 3-рақамли компания ҳисобланади. Айни вақтда FCA ва PSA’нинг умумий капиталлашуви 51 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади. 

Икки компания 2019 йил декабрда бирлашишга келишиб олган. 2020 йил сентябрда компаниялар пандемия сабабли вазият ўзгаргани учун бирлашиш шартига ўзгартиришлар киритишган. 2021 йил январида эса икки компания акциядорлари бирлашувни маъқуллашган.

Янги компанияга PSA бош директори Карлос Таварес раҳбарлик қилади. Унинг асосий вазифаларидан бири дунёда 50тага яқин заводга эга икки компаниянинг ишлаб чиқариш қувватларини бирлаштириш ҳисобланади. 

Бундан ташқари, Таварес янги компаниянинг Хитойдаги позицияларини мустаҳкамлаш ва Fiat Chrysler’нинг Европадаги операциялари зиёнлилиги муаммосини ҳал қилиши керак бўлади. 2020 йилда FCA ва PSA’нинг Хитой автомобил бозоридаги умумий улуши 1 фоиздан камроқни ташкил қилган.

Stellantis’да бирлашув натижасида тежалган маблағларнинг катта қисмини янги технологияларга йўналтириш режалаштирилмоқда. Тежаладиган маблағлар йилига 56 млрд долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Бироқ бундан аввал компания брендлардан воз кечмай ва заводларни ёпмай, ишлаб чиқариш операциялари такрорланиши ва моделлар қатори муаммосини ҳал қилиши лозим бўлади. Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу вазифанинг уддасидан чиқиш пандемия ортида талаб сусайган шароитда осон бўлмайди.

Мавзуга оид