Ўзбекистон | 08:43 / 20.01.2021
1956
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун Япониядан тиббий ускуналар етказиб берилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Даволаш-профилактика муассасаларини замонавий тиббий техника билан жиҳозлашда Япония ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон ҳамда Япония ҳукумати ўртасида 2020 йил 17 июнда соғлиқни сақлаш тизимига грант ажратиш тўғрисида ҳукуматлараро ноталар алмашинуви имзоланган.
 
Norma’нинг ёзишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика муассасаларига 500 млн иена миқдоридаги грант дастури доирасида Японияда ишлаб чиқарилган тиббий техника етказиб берилади.
 
Япония ҳукумати томонидан Crown Agents Japan Limited компанияси барча харидларни амалга ошириш ва етказиб бериш бўйича вакил этиб тайинланди.
 
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Япониянинг ваколатли банки билан банклараро шартномани тузиш топширилди.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлигига Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш доирасида грант олиш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча зарурий чора-тадбирларни кўриш, шунингдек харидлар жараёнини мониторинг қилиш топширилди.
 
Бундан ташқари, Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига лойиҳани амалга ошириш доирасида Япония ваколатли банкининг воситачилик харажатларини фонд маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тавсия этилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид