14:14 / 21.01.2021
9153

Ўзбекистон олтин-валюта захираси 1 йилда 5,7 миллиард долларга ошди

2020 йил бошида 29,1 миллиард долларни ташкил этган Ўзбекистон халқаро захиралари йил якунига келиб, 34,9 миллиард долларга етган.

Фото: Andreas Gebert / Bloomberg

Марказий банк Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари, хусусан, расмий захира активлари ва чет эл валютасидаги бошқа активлар қийматининг 2020 йилда ўзгариши ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2020 йил 1 январ ҳолати билан, Ўзбекистон олтин-валюта захираси 29,1 миллиард долларни ташкил этган. Шундан 12,4 миллиард долларга тенг қисми хорижий валютадаги захира активлар (конвертация қилинувчи хорижий валюталарда) кўринишида, шунингдек, 16,3 миллиард доллар қийматли олтин сақланган.

2020 йил ўртасигача валюта захиралари қийматида ўзгариш юқори бўлмай, октябрга келиб, нақд валюта ва депозитларнинг жами миқдори 14,4 миллиард долларга тенг бўлган. Бу вақтга келиб, олтин захиралар қиймати 18,5 миллиард доллардан ошганди.

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг хорижий валютадаги захира активлар қиймати 14,3 миллиардга тушган. Олтин захираси эса 20 миллиард доллардан ошди. Ушбу ҳолат Ўзбекистон олтин экспортини камайтираётгани билан изоҳланиши мумкин.

Ўзбекистон 2020 йилнинг 3-чорагида энг кўп олтин сотган мамлакат бўлди. Марказий банк бу вақт мобайнида қарийб 35 тонна олтин сотганди.

Халқаро захиралар ўтган йили ноябр ойида 535 миллион долларга камайганди. Яъни, октябрда захиралар 32,6 миллиарддан ноябрда 32,4 миллиард долларга тушди. Бунда олтин нархининг ҳисобот ойи бошидаги 1875 доллардан 1771 долларга тушиши захираларни 1 миллиард 81,3 миллион долларга камайтирган бўлса, валюта қимматликлардаги ошиш 545 миллион долларни ташкил қилди.

МБ захира активларининг катта қисми ҳалигача олтиндан иборат. Яъни олтиннинг барча захира активлардаги улуши 18,4 миллиард долларга (соф ҳажми 10,4 миллион трой унция) тенг ва 14 миллиард долларга тенг қийматли конвертация қилинадиган хорижий валюта бош офиси хорижда жойлашган банкларда сақланмоқда. Демак, олтин ва валюта қимматликлардаги ўзгариш Ўзбекистон захира активлари миқдорига билвосита таъсир ўтказади.

Марказий банк бошқарув кенгаши раиси Мамаризо Нурматов АҚШ Ғазначилиги облигация сотиб олиш орқали олтин-валюта захираси портфелини кенгайтирмоқчи эканини билдирганди. Шунда бозордаги актив қимматликларнинг кескин ўзгариши Ўзбекистон олтин-валюта захирасига билвосита таъсири камроқ сезилади. 

Top