14:11 / 08.03.2023
30488

Февралда Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 2 миллиард долларга камайди

Фото: Akio Kon / Bloomberg

Марказий банкнинг хорижий валютадаги захиралари йиллик ҳисобда 3 миллиард доллардан ортиқроққа камайди.

1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг расмий халқаро захиралари 33,96 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар беради Spot Марказий банкка таянган ҳолда.

Февраль ойида уларнинг ҳажми январь ойига нисбатан 1,98 млрд долларга камайган, шу билан бирга, октябр ойидаги икки йиллик энг паст кўрсаткичдан 1,65 млрд долларга ошган.

Эркин айирбошланадиган валютадаги захиралар ҳажми бир ой давомида 1,24 миллиард долларга камайган ҳолда 10,07 миллиард долларга етди. Ўзбекистоннинг хорижий банклардаги депозитлари ва нақд валюталари ҳажми 1,17 миллиард долларга камайиб, сўнгги тўрт ойдаги минимал кўрсаткичга етди.

Тоннажнинг 100 000 троя унциясига (3,1 тонна) қисқаришини ҳисобга олган ҳолда, олтин захираси 717 миллион долларга камайди. Ҳозирда у 22,83 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу жорий йилдаги энг паст кўрсаткич, аммо рекорд даражага яқин бўлишда давом этмоқда. 

Ҳозирда Марказий банк захирасида 391 тонна ёки 12,6 миллион унциядан бироз кўпроқ қимматбаҳо металл мавжуд. 

Охирги ойда жаҳон биржаларида олтин котировкалари унция учун 1842 долларгача тушди, бироқ март ойида кўтарилиб, 1850 доллардан ошиб кетди. Январь ойи бошида экспертлар 2023 йилда жаҳон бозорида олтин нархи бир троя унцияси учун 1900 долларгача ошиши мумкинлигини тахмин қилган эди. 

Расмий статистик маълумотларга кўра, январь ойида Ўзбекистон 1,18 миллиард долларлик олтин сотган, бу умумий экспортнинг 56,75 фоизини ташкил этади. Қимматбаҳо металлни сотишдан тушган даромад ўтган январга нисбатан икки баравар ошди. 

Top