20:44 / 22.01.2021
39002

Профессор Зарифбой Ибодуллаев: Тиббиётимизнинг барча йўналишларига лоббизм кириб келиб бўлди

Профессор Зарифбой Ибодуллаев Ўзбекистон тиббиётида авж олаётган фармкомпаниялар лоббисидан огоҳлантириб, тезроқ далилларга асосланган тиббиётга ўтишга чақирди.

Зарифбой Ибодуллаев / Архив фото

22 январ куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг экспертлар иштирокидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Таълимдаги муаммоларга бағишланган йиғилишда тиббиёт соҳасидаги айрим масалалар ҳақида ҳам сўз борди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Тошкентдаги «Асаб ва руҳият» илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаевга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда инсультни даволашда бир қатор хато услублардан ҳам фойдаланилмоқда.

«Ўткир инсультда тезкор диагностикани йўлга қўйишимиз керак. Агар беморга инсульт пайтида 3 соатдан 6 соатгача тезкор тиббий ёрдам кўрсатилса, унда фалажланиш ёки нутқ бузилишининг олдини олиш мумкин. Айтилган вақтда тезкор даво қилиниб, етарли эътибор қаратилса, бемор 6–7 кундаёқ шифохонадан чиқиб кетади.

Бунинг учун тиббиёт институтлари талабаларини ҳам шу йўналишда ўқитиш жуда муҳим. Тез тиббий ёрдам шифокорларини ҳам шу йўналишда қайта ўқитиш керак», – деди у.

Тиббиёт фанлари докторига кўра, муаммонинг асл илдизи – тиббиётда доим ҳам далилларга асосланмаётгани ва фармкомпаниялар лоббиси билан боғлиқ.

«Тиббиётимизнинг барча йўналишларига лоббизм кириб келиб бўлди. Масалан, тиббиёт йўналишидаги олимларнинг илмий конференцияларини ўтказишга фармацевтлар ҳомийлик қиляпти. Шунинг учун бошқа йўналишдаги конференциялардан фарқли равишда, тиббиёт конференциялари йирик ва ҳашаматли меҳмонхоналарда ўтказилади.

Олимларнинг ўзида катта пул йўқ. Шу сабабли бир қатор олимларнинг илмий мақолалари ҳам фармацевтлар пули билан чет эл журналларида чиқади.

Бундан фармацевтлар қандай фойда кўради, дейсизми? Тушунтираман. Шифокор ўзига ҳомийлик қилаётган фармацевтнинг дорисини инсультда фойдали, таъсири жуда яхши, деб мақоласига киритади.

Инсульт бўлган беморларга бериладиган бир нечта дорилардан ташқари қолган дорилар маълум асоратлар қолдиради», – деди шифокор.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда тезроқ далилларга асосланган тиббиётга ўтиш керак, фармкомпаниялар лоббисини шу орқали чегаралаш мумкин.

Зарифбой Ибодуллаев бу фикрларини яна инсульт мисолида тушунтириб берди.

«Дейлик, инсульт бўлган беморга қон босимини туширадиган ва оғриқ қолдирадиган яна бир нечта укол қилдингиз. Бунда шу дориларга кетадиган пул 100 мингдан ошмайди. Гап фақат бу дориларни тезкорлик билан беморга етказа олишда. Чунки бу дориларни ҳам 6 соатдан кейин бериш фойдасини кўрсатмаслиги мумкин.

Фикрларимга яна бир мисол келтираман. Ҳозир Ўзбекистон Россия бошчилигидаги тиббий консорциумга қўшилган. Шу консорциум тартиблари доирасида россиялик кўпгина олимлар ўзбекистонлик шифокорларга маъруза ўқиб кетади.

Бу консорциумни унинг айрим қоидалари туфайли Грузия, Озарбойжон ва Арманистон давлатлари ҳозиргача тан олмайди.

Шундай қилиб, россиялик олимлар бизнинг шифокорларга инсультга доир маълумотлар бўйича чиройли маърузалар қилади. Аммо улар шу маърузалар ичида Россияда ишлаб чиқарилган дориларни ҳам тавсия қилиб кетади. Айтадики, «инсультда энг фойдали дори шу».

Россия тиббиёти аллақачон фармацевтиканинг қулига айланиб бўлган. Бизда эса ҳали имконият бор. Тезроқ далилларга асосланган тиббиётни ўзимизда жорий қилишимиз керак. Ишонтириб айтаман, биз шу туфайли четдан миллиардлаб долларга келадиган дорилар ва энг ёмони – қоладиган асоратлардан қутуламиз.

Тиббиёт далилларга асосланиши керак», – деди профессор-невролог Зарифбой Ибодуллаев.

Top